Ссылки доступа

Чегаралар берк бўлишига қарамай Россия фуқароларига машиналарда Тожикистондан чиқиб кетишга рухсат берилди (видео)


Бир неча ҳафтадан бери Тожикистонда чегаралар очилиши ва шахсий машиналарида Россияга кетиш имкониятини кутаётган Россия фуқароларига Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудлари орқали ўтиш учун рухсат берилди, дея ёзди "Фергана".

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг мактубида таъкидланишича, Россия паспортига эга 686 нафар фуқаро мамлакатни тарк этиши таъкидланади. Барча талаблар келишилган, Россия расмийлари Ўзбекистон ва Қозоғистон билан транзит борасида келишувга эришди.

Чиқиб кетишга рухсат берилган гуруҳнинг катта қисми қўш фуқароликка эга – улар Россия ва Тожикистон фуқароларидир. Бу одамлар июн ойи ўрталарида уйларига бориш мақсадида тожик-ўзбек чегарасига ўзларининг транспортларида келишган ва рухсат кутиб бир неча ҳафта кутишди.

Аввалроқ Россия расмийлари ўз фуқароларини, асосан Россияда оила қурган меҳнат мигрантларини Тожикистондан олиб чиқиш мақсадида бир нечта авиарейсларни уюштирди. Аммо кўпчиликда нархи 400 евро бўлган авиачипталар учун пул йўқ эди. Бундан ташқари кўпчилик одамлар учун Россияга айнан ўзмашиналарида бориш қулай эди.

Ўшанда 200 дан ортиқ киши имзо тўплашди ва транзит орқали ўтказиш талаби билан Россиянинг Тожикистондаги дипломатик ваколатхонасига мурожаат қилдилар.

Июн ойи бошларида худди шу каби муаммо билан Россиядан юртларига қайтмоқчи бўлган Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари тўқнаш келдилар. Чегаралар очилишини кутаётган оломан бошқа чегара пунктларида ҳам тўпланиб қолди. ОАВдаги лавҳалардан кейингина Тожикистон расмийлари Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида тўпланиб қолган 237 нафар фуқароларини юртга қайтарди. Уларнинг ҳаммаси Қозоғистон ва Россияда пандемия бошлангунга қадар меҳнат қилишган, карантин туфайли уйга қайтишга қарор қилдилар, аммо ярим йўлда ушланиб қолдилар.

XS
SM
MD
LG