Ссылки доступа

Ўзбекистонлик қизлар сексизм ва зўравонликка қарши флешмоб ўтказди


Exponautz Art Gallery онлайн-ҳамжамиятининг аъзоси бўлган бир неча ўзбекистонлик қиз сексизм ва зўравонликка қарши аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиб флешмоб уюштирди.

Ижтимоий тармоқларга флешмоб суратларини жойлаштирган қизлар бошқалардан ҳам ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашни илтимос қилган.

"Сексизм (жинсий мансубликни менсимаслик), мизогиния (аёлларга нисбатан нафрат), слатшейминг (уялтириш), харассмент (тегажоқлик), зўравонлик, виктимблейминг (қурбонни айблаш), менсплейинг (баланддан келиб гапириш), ксенофобия (ёт нарсалардан қўрқиш) – биз бу нарсалардан чарчадик. Биз жим бўлишдан ва сабр қилишдан, буларнинг барчаси НОРМАЛ ҳолат дея ўйлашдан чарчадик. Биз қўрқишдан, уялишдан, беркинишдан ва ёпинишдан қўрқишни хоҳламаймиз. Биз ўзлигимизча яшашни, хоҳлаган нарсани кийишни, қилишни, ўйлашни, гапиришни истаймиз", – дейилади флешмобчилар жойлаштирган постда.

Суратларда қизлар рус тилида “Аёллар ҳайвон эмас!”, ”Келин чўри дегани эмас”, “Мени баданим- бу менинг ишим!!!”, “Уряптими, демак қамоққа ўтиради!” каби плакатларни кўтариб олишган. Акция иштирокчилари “Ўзбекистон” меҳмонхонаси ва “Халқлар дўстлиги” саройи ёнида суратга тушишган.

Фарғона агентлигининг ёзишича, Exponautz Art Gallery гуруҳи флешмоби ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди.

“Блогер Умид Ғофуровнинг саҳифасида қизларга жавобан плакатли фотосессия берилган. Унда ўзбек тилида “Гендер тенглиги бўлса сен ҳам ғишт таши”, “Келин бўлгандан сўнг вазифангни қил”, “Туғишни хоҳламасанг эрингни уйлантириб қўй!” каби сўзлар битилган плакатларни йигит кўтариб олган”, -дейилади хабарда.

Ўзбекистонлик қизларнинг мазкур акцияси Фарғонада рўй берган воқеадан сўнг ўтказилмоқда. Фарғонадаги шаҳар ҳиёбонларидан бирида калта шорт кийиб олган қизни бир йигит урган ва бу видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетганди. Аммо бу иш судгача етиб бормаган.

XS
SM
MD
LG