Ссылки доступа

Тожикистон иқтисодиётдаги форс-мажор вазият туфайли ОТБдан $364 млн кўмак сўради


Давлатали Саид
Давлатали Саид

Коронавирус пандемияси туфайли Тожикистон иқтисодиёти форс-мажор вазиятида ва молиявий кўмакка муҳтож, дейилади Тожикистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Давлатали Саиднинг Осиё Тараққиёт банки президенти Масацугу Асакава номига йўллаган мактубида.

Тожикистон ҳукумати коронавируснинг иқтисодий блокка салбий таъсирини камайтириш мақсадида дастур ишлаб чиқди, бунинг учун $364 млн керак бўлади. Кредит олишга муваффақ бўлинса $176,5 млн ёки 1,8 млрд. сомонини ташкил қиладиган биринчи қисмисоғлиқни сақлаш тизимига ва аҳолининг муҳтож қисмига, $187,5 млн. ёки 1,9 млрд. сомони миқдоридаги иккинчи қисми озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда кичик ва ўрта бизнесга, жумладан аёл-тадбиркорларни қўллаб қувватлашга йўналтирилади, дейилади юқори лавозимли тожик амалдорнинг мактубида.

Давлатали Саиднинг таъкидлашича, коронавирус туфайли Тожикистон иқтисодиёти форс-мажор вазиятига тушиб қолган ва шу сабабли ОТБнинг мамлакатга молиявий ёрдам жуда ҳам зарур. Мактубда сўнгги олти ойда мамлакатда юзага келган вазият баён этилган. Тожикистон бош вазири ўринбосари мактубидаги бу қисми ошкор қилинмаган.

Давлатали Саиднинг таъкидлашича, коронавирус эпидемияси туфайли ишсизлик даражаси йил охирига қадар 6.1%гача ошади, ишсизлар сони эса 100 минг кишига етади. Инқироз арафасида, 2020 йил февралида Тожикистонда ишсизлик даражаси 2% ни ташкил қилган эди. Бош вазир ўринбосарининг таъкидлашича, бу йил мамлакатнинг иқтисодий ўсиши аввал прогноз қилинганидек 7,5% эмас, балки 2,4%ни ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Тожикистон Молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода парламент қуйи палатаси депутатлари олдида қилган чиқишида, мутлоқо бошқа рақамларни келтирган эди: унинг айтишича 2020 йилда иқтисодий ўсиш 4,7% ташкил қилади.

Давлатали Саид Осиё Тараққиёт банки президенти Масацугу Асакава номига йўллаган мактубида коронавирус пандемияси туфайли Тожикистон ўзининг ЯИМнинг 20 фоизигача йўқотишини таъкидлаган.

Ўтган ойда Тожикистон ҳукумати ва ОТБ $50 млн. миқдорида грант тўғрисидаги келишувга эришди, бу маблағлар коронавирус инфекцияси пандемиясининг иқтисодий ва ижтимоий оқибатларини юмшатиш учун сарфланади. 6 июл куни ОТБ Тожикистонда хотин-қизлар, ёшлар ва меҳнат муҳожирларнинг малакасини ошириш мақсадида $30 млн миқдорида грант ажратди. Тожикистондаги ОТБ ваколатхонасининг маълум қилишича, "бу мабағларни тақдим қилишдан мақсад уларни ишга жойлаштириш ва маошларини яхшилаш, шунингдек миграция ва ишга жойлаштириш агентликлари имкониятларини кенгайтиришдан иборат ".

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Халқаро валюта жамғармаси коронавирус пандемияси шароитида мамлакат давлат бюджетини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида Тожикистон ҳукуматига 189,5 млн доллар тақдим қилишни маъқуллади. Аввалроқ Жаҳон банки Тожикистонга коронавирус инфекциясига қарши фавқулотда Дастурни молиялаштириш учун $11,3 млн миқдорда грант ажратишга қарор қилди.

XS
SM
MD
LG