Ссылки доступа

Қозоғистонда коронавирус қурбонлари хотирасига 13 июлда мотам эълон қилинди


Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев халққа қилган мурожаатида 13 июлни коронавирус эпидемиясининг қозоғистонлик қурбонлари хотираси учун миллий мотам кун дея эълон қилди.

"Касаллик қозоғистонликларни ҳаётдан олиб кетишда давом этмоқда. Расмий маълумотлар ортида юзлаб оилаларнинг фожиаси турибди: кимдир отасидан, онасидан, ака-укасидан, опа-синглидан, ўғли ва қизидан айрилди. Бу барчамиз учун умумий фожиадир. Шу куни ҳар биримиз қаерда бўлишимиздан қатъий назар марҳумлар хотирасини ёдга олишимизга ишонаман", деди Қозоғистон президенти.

Токаев қадрдонлари ва яқинларидан айрилган фуқароларга таъзия билдирди, ҳамда халқ бошига тушган синовлар олдида қозоғистонликларни маъсулиятли бўлишга, чидамлиликка ва хотиржамликка чақирди. Унинг айтишича, фуқаролар "таслим бўлмасликлари, тушкунликка тушмасликлари ва бефарқ бўлмасликлари керак". "Биз кулфат вақтида ҳеч кимни ташлаб қўймаймиз ва ҳар бир қозоғистонликнинг ҳаёти ва саломатлиги учун курашамиз", – деди давлат раҳбари.

Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистонда эпидемия даврида 51 мингдан ортиқ киши касалликка чалинди, 264 киши вафот этди. Мамлакатда эпидемиянинг иккинчи тўлқини бошлангани боис 5 июлдан бошлаб карантин чоралари кучайтирилди.

Қозоғистон президенти ўз нутқида коронавируснинг иккинчи тўлқини ва зотилжам касаллигининг бирданига ошиб кетишига гўёки Соғлиқни сақлаш вазирлигининг собиқ раҳбарлари томонилан қўйилган «тизимли хатолар натижаси», шунингдек мамлакат аҳолисининг оммавий равишда карантин чораларига риоя этмагани ва вилоят ҳокимларининг сусткашлиги сабаб бўлганини таъкидлаб ўтди.

Унинг айтишича, қайтадан карантин чораларининг кучайтирилиши туфайли вазиятнинг барқарорлашуви аломатлари кўзга ташланмоқда. Аммо "хурсанд бўлишга вақт эрта", чунки "коронавирус хавфини эътиборсиз қолдириб бўлмайди", "буни оддий грипп деб ўйлаш хатодир", деди Қозоғистон раҳбари.

Тоқаев яқин орада дорилар етишмаслиги билан боғлиқ муаммо ҳал бўлишига ваъда берди. У фуқароларга мурожаат қилар экан ваҳимага берилмасликка чақирди ва тиббиёт жиҳозларини аввалдан сотиб олмасликларини сўради. Унинг айтишича, дори-дармон, ИВЛ аппаратлари сотиб олиш, шунингдек тиббиёт ходимларини раҳбатлантириш ва бошқа чоралар учун камида150 миллиард тенге йўналтирилади. Маблағларнинг ишлатилиши алоҳида назоратда бўлади.

"Айрим виждонсиз ишбилармонлар мураккаб вазиятдан фойдланиб қолишга ва пул ишлаб олишга уринмоқда. Улар томонидан сунъий ажиотаж уюштирилмоқда ва атайлаб тиббиёт препаратларининг нархи кўтарилмоқда. Менинг топшириғимга кўра ҳуқуқ тартибот идоралари дори-дармонлар билан чайқовчилик қилувчи шахсларни жавобгарликка торта бошлади", – деди Тоқаев.

Қасим-Жомарт Тоқаев ўз сўзига қўшимча қилар экан, айрим шахслар "сиёсий ўйин қилмоқда, миш-мишлар тарқатмоқда, турли таклифлар ва мурожаатлар билан вазиятни қиздирмоқда, шу тариқа жамиятда низо келтириб чиқаришга уринмоқда", деди. Тоқаев кимни назарда тутаётганига ойдинлик киритмади, аммо «бу каби манипуляция ўта хавфли эканини, шу сабабли ҳуқуқий баҳо берилишини» таъкидлади.

XS
SM
MD
LG