Ссылки доступа

Тожикистонда «Мусулмон биродарлар»нинг эҳтимолий издошлари устидан суд бошланди


Тожикистон Олий суди «Мусулмон бирадарлар» ("Ихвон-ул-муслимин") халқаро террор ташкилотининг аъзолигида гумон қилинаётган 116 киши устидан суд жараёнларини бошлади.

Жиноий ишни кўриб чиқиш ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтмоқда, дея хабар берди Олий Суд матбуот маркази. Суд ўриндиғида 114 нафар тожикистонлик ва икки нафар хорижлик - Миср фуқаролари ўтирибди.

Тожикистон Бош прокуратурасига яқин манбанинг 8 июл куни ўз номини ошкор қилмаслик шарти билан хабар беришича, жиноий иш икки ҳафта аввал Олий судга юборилган эди. «Судланувчилар Тожикистон Жиноят Кодексининг тўртта - 179 (2) «Террор характеридаги жиноятни молиялаштириш», 307 (1) «Ошкора экстремистик ҳаракатга даъват қилиш ва ошкора экстремизмни оқлаш», 307 (2) «Экстремистик тўдани ташкиллаштириш» ва307 (3) «Экстремистик ташкилот ҳаракатини ташкиллаштириш”моддалари бўйича айбланмоқда. Улар 12 йилгача қамоққа ҳукм қилиниши мумкин», дея таъкидлади манба.

Жиноий ишни кўриб чиқиш сешанба куни пойтахтдаги №1 СИЗОда Олий суд судьяси Мухаммад Раҳмонзода раислигида бошланди.

“Мусулмон биродарлар”га алоқадорликда гумон қилинувчиларнинг адвокатлари Радио Озоди билан суҳбатлашишни исташмади, улар жиноий иш “махфий”лигига таянишди. Шунингдек, судланувчиларнинг қариндошлапри ҳам журналистлар билан мулоқот қилишни исташмади. Фақат Бохтар шаҳрида яшовчи Нусратулло Алиев суҳбатга рози бўлди ва ҳукумат ўғлининг ҳибсга олиш сабабини ҳамон айтмаганини билдирди. «Ўғлимга овқат олиб бораяпмиз, аммо уни бирор марта ҳам кўрмадик. Адвокат биз билан гаплашмайди», дейди Алиев ва Ислом университетининг инглиз тили ўқитувчиси бўлмиш ўғли шу йилнинг феврал ойида ҳибсга олинганини қўшимча қилади.

“Мусулмон Биродарлар” ташкилоти тарафдорларини ҳибсга олишлар шу йилнинг январида бошланган эди. Тожикистон Бош прокурори Юсуф Раҳмон журналистлар билан учрашувда, “Мусулмон Биродарлар”га алоқадорликда ҳибсга олинганлар орасида Исфара шаҳар ҳокимлигининг бир нафар ходими, айрим давлат муассасалари ва олий ўқув юртларининг 20дан ортиқ ходими борлигини айтган эди. Гумондорлардан айримлари Ислом университети ва "Маркази маърифат ва таълими маърифат-2012" марказида ишлашган. Аввалроқ, Тожикистон Тиллар институти маъмурияти вакили Радио Озоди билан суҳбатда мазкур ўқув даргоҳининг беш ходими, жумладан араб тили ўқитувчисиҳам ҳибсда эканлигини тасдиқлаган ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари Олий таълим даргоҳи ходимларидан бу борада сукут сақлашни ва бу ҳақда журналистларга айтмасликни талаб қилганлигини маълум қилган эди.

2006 йилда Тожикистон Олий суди қарорига биноан "Мусулмон Биродарлар" мамлакатда тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган эди. “Мусулмон Биродарлар” ташкилоти 1928 йилда Мисрда ташкил этилган ва кейинроқ унинг раҳбарлари Яқин Шарқдаги мазкур мамлакат ҳокимиятини эгаллаган эди. Шу билан бирга мазкур минтақадаги бошқа айрим давлатлар ўз ҳудудларида бу ташкилот фаолиятини тақиқлаган.

XS
SM
MD
LG