Ссылки доступа

Ўзбекистон ва Тожикистоннинг уч минг фуқароси Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида тўпланиб турибди


Ўзбекистон ва Тожикистоннинг уч минг фуқароси Туркистон вилоятининг Ўзбекистон билан чегарасидаги “Жибек Жоли” чегара пункти яқинида тўпланиб турибди, дея хабар берди чоршанба куни маҳаллий ОАВ Туркистон вилояти ҳокимининг ўринбосари Сакен Калкамановга таянган ҳолда.

Унинг айтишича, тураргоҳда уч мингга яқин фуқаро бор, уларнинг кўпчилигини Ўзбекистон фуқаролари ташкил қилади.

Ўтган ҳафтада «Азаттық» (Озодлик радиосининг қозоқ таҳририяти) Туркистон вилоятининг Сариағаш туманидаги «Жибек Жоли» постида икки мингга яқин Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари борлигини, уларнинг катта қисми Қозоғистонда ишловчи мигрантлар эканини, ўтган ойдан бери чегарадан ўта олмаётганини маълум қилган эди. Коронавирус тарқалиши муносабати билан март ойида чегараларни беркитган Ўзбекистон карантин марказида жой етишмаслиги боис уларни қабул қила олмаяпти.

Калкамановнинг сўзларига қараганда, ўтган ҳафта ўзбек томони 200-300 кишини кирита бошлади. Ҳоким ўринбосарининг айтишича, Сариағаш туман ҳокимлиги, волонтерлар ва ҳомийларнинг кучи билан уларга овқат ва сув берилмоқда, полиция «одамлар тарқалиб кетмаслигини назорат қилмоқда», чунки маҳаллий расмийларда уларни коронавирусга текшириш имконияти йўқ.

«У ерда 20 нафар полиция ходимимиз навбатчилик қилмоқда, тартибни сақламоқда. Ҳозирча вазиятни назоратда ушлаб турибмиз», – деган Калкамановнинг сўзлардан иқтибос келтиради Tengrinews сайти.

Ижтимоий тармоқларда Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегарасида ерда ётган ўнлаб кишиларнинг суратлари эълон қилинди.

Ўзбекистон коронавирус пандемияси боис март сўнгида чегараларни беркитди. Шу тариқа қўшни мамлакат фуқароларини ўз ҳудудига ўтишига рухсат бермаяпти. Бунинг оқибатида юзлаб тожикистонликлар бир неча ҳафталаб чегара яқинида яшашга мажбур бўлди. Улар автовокзал ҳудудини июн бошларида тарк этишга муваффақ бўлди.

Ўзбекистон ҳукумати чоршанба куни мамлакатда 10 июлдан 1 августга қадар яна карантин чоралари кучайтирилишини маълум қилди. Кўрилаётган чоралар орасида минтақалараро автотранспорт ҳаракатларини тақиқлаш ҳам бор.

XS
SM
MD
LG