Ссылки доступа

АҚШ суди прокурорларга Трампнинг молиясини текширишга рухсат берди


Дональд Трамп

АҚШ Олий суди Нью-Йорк прокурорларига президент Дональд Трампнинг солиқ декларациясини тақдим қилиш лозимлиги борасида қарор қабул қилди. Оқ уй раҳбарнинг даромадлари борасидаги маълумотлар Конгрессга юборилмайди.

Трамп – 50 йил аввал ўз даромадлари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилмаган Ричард Никсондан кейинги илк президент бўлди. Унинг ҳужжатларини солиқ хизматининг номи маълум бўлмаган ходими журналистларга берган эди. Ўшанда Никсон Қўшма Штатлар бюджетига 400 минг долларга яқин маблағни тўламагани аниқ бўлган эди.

Трампнинг адвокатлари аввалроқ баёнот бериб, амалдаги давлат раҳбари суриштирув ва таъқиблардан иммунитетга эга эканлигини маълум қилдилар.

Трампнинг ҳужжатларини олиш ҳуқуқига Манхэттен округи прокурори Сайрус Вэнс эга бўлди. Сўнги тўққиз йилги солиқ декларацияси ва бошқа молиявий амалиётларни Нью-йорк бухгалтерлик Mazars LLP фирмаси, Deutsche Bank ва Американинг Capital One банки бериши керак. Улар Олий суд қарорига бўйсинишларини маълум қилдилар.

Вэнс икки аёлга берилган махфий тўловларни суриштириш ишларини олиб бормоқда. Аёлларнинг айтишларича улар Трамп билан муносабатда бўлишган ва сукут сақлаш эвазига ундан пул олишган. Прокурорнинг фикрича, президентнинг молиявий ҳужжатлари терговга ёрдам беради.

Шунингдек, Трампга қарши даъво аризаси Конгресснинг учта қўмитаси томонидан берилди. Улар президентдан молиявий маълумотларни ошкор қилишни сўрашган. Аммо Олий суд қонун чиқарувчиларга рад жавобини берди ва қарор қабул қилиш хуқуқини қуйи инстанция судларига берди. Бу дегани, ноябрда бўлиб ўтадиган АҚШдаги президентлик сайловига қадар Конгресс Трампнинг солиқ декларациялари билан танишиб чиқа олмайди.

Трамп суд қарорини "сиёсий таъқиб" дея атади. Президентнинг твиттерда ёзишича, эндиликда сиёсий коррупциялашган Нью-Йорк билан жанг қилишга мажбур бўлади".

2015 йил июнида президентликка номзодини кўрсатишдан аввал, Трамп баёнот бериб, даромадлари салкам 8 миллиард 800 миллион доллар эканлигини айтган эди. Бироқ Forbes журнали ўшанда Трампнинг бойлиги икки баробар кам эканлигини баҳолаган эди.

2020 йил апрелида Forbes президент бойлигини икки миллиард бир миллион доллар дея баҳолади, бу 2019 йил октябрга нисбатан бир миллиард камдир.

XS
SM
MD
LG