Ссылки доступа

РФ даги Тожикистон элчихонаси чартер рейслар учун рўйхат тузишни тўхтатди


Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси чартер рейслар учун йўловчилар рўйхатини тузишни тўхтатди. Шунга қарамай Москвадаги дипмиссия биноси олдида навбатлар кўплигича қолмоқда.

Тожикистон ҳукумати 25 июндан бошлаб Россияда қолиб кетган тожикистонликларни босқичма-босқич ватанга қайтара бошлади. Бу мақсадда 14 июлга қадар “Таджик Эйр” ва“Сомон Эйр” авиакомпанияларининг Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Новосибирск ва Екатеринбургдан чартер рейсларини амалга ошириши режалаштирилган, дейилган эди аввалоқ ташқи сиёсат маҳкамасининг эълон қилинган хабарида. 19 июндан бошлаб Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси ва Санкт-Петербург, Екатеринбург, Новосибирск ва Уфадаги бош консулхоналари қошида махсус комиссиялар ташкил этилди, уларнинг вазифаси Тожикистонга қайтмоқчи бўлган фуқароларнинг рўйхатини тузишдан иборат эди.

Тожикистон дипломатларининг айтишларича, 8 мингдан ортиқ Тожикистон фуқароси Россия ҳудудларини тарк этиш истагини билдиришган. Ватанга қайтишни истовчиларни олиб кетиш учун чартер рейслар етарлича эмас, демоқда Москвадаги Тожикистон дипмиссияси вакиллари.

Фуқароларни қабул қилиш вақтинча тўхтатилгани ва чартер рейслар учун регистрация тўхтатилганига қарамай Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси олдида узундан узун навбатлар кузатилмоқда. Радио Озоди ўқувчилари юборган видеокадрларла у ерда 150 кишининг тўпланиб турганини кўриш мумкин. Тўпланганлар орасида ёш гўдаги бўлган она ва ҳассага таянган ногирон йигит ҳам бор, ўрта ёшлардаги аёл эса ҳушсиз ётибди. Видеолардан бирида элчихона ходимининг чартер рейслар учун йўловчилар рўйхати тузиб бўлингани, фуқароларни темир йўл транспорти билан олиб чиқилиши борасидаги гаплари эшитилмоқда.

Тожикистонннинг РФдаги элчихонаси сешанба куни ўзининг Facebook даги расмий саҳифасида уйга чартер рейслари билан қайтувчи йўловчилар рўйхати тузилмаслигини эълон қилди. Дипломатлар фуқаролардан элчихона олдида тўпланмасликларини сўрашди.

Шу билан бирга Тожикистоннинг айрим фуқаролари рўйхатдан ўтган бўлишларига қарамай, ҳамон ватанга учиб кета олмаганликларидан ташвишга тушаётганликларини айтишмоқда.

Тожикистоннинг РФдаги элчиси Имомиддин Сатторининг айтишича, авиачипталар нархи авиакомпаниялар томонидан белгиланади. «Биз Россия расмийларидан ўз фуқароларини Тожикистондан олиб чиқишни бизнинг чартер рейсларимиз орқали амалга оширишларини сўрадик. Улар рози бўлди ва бир нечта чартер рейслари билан Душанбедан Россия фуқаролари юртларига қайтиб келишди. Аммо сўнгги кунларда Тожикистондан самолётлар деярли бўш учмоқда, бу ўз навбатида чипталар таннархига таъсир кўрсатади», дейди юқори лавозимли дипломат. «Биз фақат рўйхат тузиш билан шуғулланамиз, чипталарни – «Таджик Эйр» ва «Сомон Эйр» авиакомпанияларнинг ўзи сотади, дея қўшимча қилди Тожикистон элчиси.

Бундан аввал Тожикистон расмийлари баёнот берар экан чартер рейсларни амалга оширишда фуқароларнинг муҳтож қисмига, авваламбор беморлар, ёш болали аёллар, кекса кишилар, талабалар, шунингдек хизмат сафари билан Россияда бўлганларга устиворлик берилишини маълум қилган эди. Бироқ мигрантларнинг айтишларича, ватанга чартер рейслар орқали қайитганлар орасида кўплаб соғлом ва ёш йигитлар ҳам бор. Тожикистон элчиси бу каби иддоаларни инкор қилади.

XS
SM
MD
LG