Ссылки доступа

Тожикистонда армияда хизмат қилмаслик учун 17та тошни ютган аскарга 2 йил берилди


Тожикистонда Душанбе гарнизони ҳарбий трибунали Турсунзода шаҳридан бўлган оддий аскар Отабек Ибрагимовни ҳарбий хизматдан бўйин товлаганликда айбдор деб топди ва уни икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилди, дея хабар берди маҳаллий ОАВ.

Ибрагимов 2019 йил 12 ноябр куни армия сафига чақирилган ва Тожикистон махсус мулкини таъминлаш Агентлигининг №42660 ҳарбий қисмида хизматни ўтаётган эди. Аммо кўп ўтмай, 2019 йил декабрида у шифохонага ётиш ва хизматдан қутилиш мақсадида 17 та тошни ютиб юборди.

Тожикистон Республикаси Жиноят кодексининг 376-моддасига асосан, ўзига қасддан шикаст етказиш орқали ҳарбий хизматдан бўйин товлаганлик учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, уруш шароитида эса 8 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.

Суд материалларида таъкидланишича, аввалига оддий аскар еттита тошни ютган. Уни хизматдан четлаштиришди ва Мудофаа вазирлигининг ҳарбий госпиталга ётқиздилар. Аммо у ерда Ибрагимов шифокорлардан “ўзига керакли хулосани олмади”, шу сабабли 31 декабр куни яна 10 та тошни бўлимига кириш чоғида ютиб юборди. Иш материалларида айтилишича, у шу тариқа ҳарбий хизматдан"тўлалигича озод бўлиш мақсадини" кўзлаган.

Суд хабарида айтилишича, Ибрагимов "ҳарбий хизмат шароитларига чидай олмаган".

Тожикистон ҳуқуқ ҳимоячиларнинг айтишларича, бугунги кунда кўплаб тожикистонликлар армияда хизмат қилишни исташмайди ва турли усуллар билан хизматдан қочиш пайида бўлишади: меҳнат миграциясидан тортиб олий ўқув юртига топширишгача. Шу сабабли ҳарбий комиссариатлар чақириқ режасини бажариш учун мунтазам чақирувчиларни “овлайди”.

Ҳарбий хизматдан оммавий бўйин товлашнинг сабабларидан бири тожик армиясида мунтазам равишда кузатиладиган калтаклаш ва ўлим ҳолатлари бўлиши мумкин. Қийноқларга қарши Коалиция маълумотларига кўра, 2014 йилдан 2016 йилгача Тожикистон армияси ҳарбий хизматчиларининг қариндошларидан 60 та мурожаат келиб тушган. Шундан ўн биттаси аскарнинг ўлими билан боғлиқ.

XS
SM
MD
LG