Ссылки доступа

Белградда норозиликлардан сўнг комендантлик соати жорий этилмайдиган бўлди


Сербия хукумати коронавирус туфайли дам олиш кунлари Белградда комендантлик соати жорий қилиш режасидан воз кечди. Сербия пойтахтидаги норозиликлар фонида хукумат режасини ўзгартирди.

Чекловлар боис дам олиш кунлари Белградда 10дан ортиқ кишиларнинг гуруҳ бўлиб тўпланиши тақиқланади. Ресторан, дўкон ва бошқа жамоат жойлари 21:00дан, парк ва очиқ дам олиш жойлари 23:00дан ёпилади. Ҳукумат раҳбари Ана Брнабич баёнот бериб, комендантлик соати энг самарли чора эканини, аммо ҳукумат оралиқ қадам ташлаганини таъкидлади.

Вучич партияси ғалаба қозонган 21 июнда бўлиб ўтган парламент сайловларидан сўнг эпидемиологик вазият ёмонлашгани боис ҳукумат май ойида бекор қилинган карантин чораларини қайта тиклашга қарор қилди.

7 июл куни касаллик оқибати туфайли 13 та ўлим қайд қилинди, бу пандемия бошланганидан бери мутлоқ катта кўрсаткич бўлди. Ўша куни Александр Вучич Белградда комендантлик соати жорий қилиниши ва беш кишидан ортиқ одамларнинг тўпланиши тақиқланишини маълум қилди. Бу қарор оммавий норозиликларни келтириб чиқарди. 8 ва 9 июл кунлари карантин кескинлаштирилишига қарши Белград ва бошқа шаҳарларда юзлаб одамлар норозилик акциясига чиқди. Митинглар тартибсизликларга айланиб кетди. Полиция 150 дан ортиқ кишини ушлади. 10 июл, жумага ўтар кечаси норозиликлар қайта бошланди, аммо тинч ўтди.

Сўнгги маълумотларга қараганда, коронавирус пандемияси бошланганидан бери Сербияда 17 мингдан ортиқ кишининг коронавирусга чалингани қайд қилинди. 352 киши вафот этди. 13,5 мингдан ортиқ киши соғайди.

XS
SM
MD
LG