Ссылки доступа

Арманистон ва Озарбайжон чегарасида қуролли тўқнашув юз берди


Озарбайжон ва Арманистон расмийлари бир-бирларини чегара ҳудудларини ўққа тутганликда айблади.

Озарбайжон Мудофаа вазириги Арманистон қуролли кучлари Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасида "ўт очмаслик тўғрисидаги режимни қўпол равишда бузган ҳолда" "бизнинг мавқеларимизни артиллерия қурилмасидан ўққа тутди" дея баёнот берди.

"Ҳар икки томондан талофатлар бор", – дейилади Озарбайжон баёнотида.

Ўз навбатида Арманистон Мудофаа вазирлиги чегарада арман мавқеларига артиллерия зарбасини бергани учун Озарбайжонни айблаб чиқди.

"Озарбайжон ҚК бизларга номаълум бўлган сабабларга кўра, УАЗ русумли машинада Тавуш йўналишида Арманистон давлат чегарасини бузишга уринди. Арманистон томоннинг огоҳлантиришидан сўнг Озарбайжон ҳарбий хизматчилари машинани қолдириб ўз мавқеларига қайтишди. Шундан сўнг Озарбайжон ҳарбий хизматчилари артиллериядан зарба берган ҳолда яна арман мавқеини эгаллаб олишга уриндилар", – дейилади Арманистон баёнотида.

Арманистон томонидан талофатлар ҳақида маълумот берилмади.

1988 йилнинг 12 июл куни Тоғли Қорабоғ вилоят кенгаши Озарбайжон минтақасидан бир томонлама чиқишини эълон қилди.

Тоғли Қорабоғ масаласида Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳудудий баҳслар 1980-йиллар сўнгидан бери давом этади. Аҳолиси асосан арманлардан ташкил топган Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти Арманистоннинг қўллаб-қувватлаши билан Озарбайжон ССР таркибидан чиқишини эълон қилди, 1991 йил сентябрида эса "Тоғли Қорабоғ Республикаси" тузилгани борасида баёнот берди. 1988-94 йилларда юз берган қуролли тўқнашувлар вақтида айримачилар минтақасида 30 минг киши ҳалок бўлди, юз минглаб кишилар қочқинга айланди.

Ўзини "Тоғли Қорабоғ республика”си дея атовчи бу ўлка БМТнинг бирор бир мамлакати, жумладан ТҚР мустақил бўлиши кераклигини айтиб келадиган Арманистон томонидан ҳам тан олинмаган. 1993 йилда БМТ томонидан тўртта резолюция қабул қилинди, уларда Қорабоғдан арман қўшинларининг олиб чиқилиши ва ҳудуд Озарбайжоннинг таркибий қисми эканлиги таъкидланади.

Дипломатик саъй-ҳаракатлар ва Минск гуруҳи (унга Франция, Россия ва АҚШ киради) доирасида ҳам можарони бартараф қилишга муваффақ бўлинмади.

XS
SM
MD
LG