Ссылки доступа

Тожикистон ҳукумати аҳолининг муҳтож қисмига ёрдам беради


Тожикистон ҳукумати коронавирус пандемияси вақтида аҳволи янада оғирлашган аҳолининг муҳтож қисмига молиявий ёрдам бериш юзасидан топшириқ берди.

Мамлакат президенти матбуот хизмати 11 июл куни аҳолининг муҳтож қатламларига “энг кам иш ҳақи миқдорида бир марталик ёрдам бериш” тўғрисидаги ҳукумат қарорини эълон қилди. Тожикистонда энг кам иш ҳақи 400 сомони (тахминан 39 доллар)ни ташкил қилади.

Фармойишда таъкидланишича, тегишли идоралар яқин уч ҳафта мобайнида, яъни 1 августга қадар муҳтож гуруҳлар рўйхатини тузиши, шундан кейин уларга бир марталик ёрдам кўрсатиши керак бўлади. Фармойиш шу йилнинг июнида қабул қилинган «COVID-19 юқумли касаллигининг Тожикистон Республикаси ижтимоий-иқтисодий соҳасига кўрсатадиган таъсирини камайтириш тўғрисида»ги фармонининг бир қисми ҳисобланади.

Тожикистонда аҳолининг муҳтож гуруҳлари рўйхатига ногиронлар, етимлар ва кам таъминланган оилалар киради. 2018 йилда мамлакатда 85 мингта уй хўжалиги камбағал ва муҳтож дея ҳисобланган ҳамда давлатдан ижтимоий кўмак олган. Ҳозирча аҳолининг бир марталик ёрдам оладиган қисми номаълум.

Расмий маълумотларга кўра,COVID-19га 6457 киши чалинган ва 55 киши вафот этган, шунингдек иқтисодиётга катта зарба берилган. Кучсиз иқтисодга эга Тожикистон даромадларнинг кўплабманбаларидан, жумладан меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари ва қўшни мамлакатлар билан савдодан тушадиган даромадлардан маҳрум бўлди.

Ҳукумат ижтимоий ҳаражатлар учун 400 млн доллар миқдорида ёрдам берилишини сўраб халқаро ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур бўлди. Коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга кучли таъсири ва аҳоли даромадларининг пасайиши туфайли зарур вақтларда аҳолини қўллаб-қувватлай олмаётгани боис хукумат шаънига танқидлар билдирила бошланди.

XS
SM
MD
LG