Ссылки доступа

Банкротлик ëқасидаги ëш тадбиркор президентдан соғломлаштириш марказлари ишига рухсат беришни сўради(видео)


Тошкентлик 27 яшар тадбиркор Муҳаммаджон Ҳамидов 12 нафар тиббий мутахассис ишлаб келган соғломлаштириш марказининг қарийб тўрт ойдан бери ишламаëтгани ўзи ва ходимлари ҳаëтини ниҳоятда оғир аҳволга солиб қўйганини билдирди.

Шу муносабат билан президентга қилган видеомурожаатида массаж-салон эгаси кескин санитария-эпидемиология талабларига риоя қилган ҳолда¸ бундай хизмат кўрсатиш шохобчаларининг ишлашига рухсат берилишини сўради.

Муҳаммаджон Ҳамидов¸ ҳукумат карантин чекловларини қайта кучайтирган жорий вазиятда¸ агар зудлик билан қайишувчан бизнес ëндашув йўлга қўйилмаса¸ ўзи каби кичик тадбиркорларнинг синиши аниқ бўлиб қолганини айтади.

27 яшар Муҳаммаджон Ҳамидов Тошкент шаҳар Чилонзор туманида жойлашган соғломлаштириш маркази эгаси. Юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган тадбиркор айтишича¸ қонунда белгиланган каби¸ даромадининг 5 фоизини солиқ сифатида давлатга тўлаб¸ салонида 12 тиббий массаж кўрсатишга квалификацияси бор хизматчини ишлатиб келган.

Тадбиркор ўз салонининг асосан¸ ортопедик муаммолари бор мижозларга хизмат қиладиган тиббий соғломлаштириш маркази эканини алоҳида таъкидлади.

- Афсуски¸ Ўзбекистонда спа салон¸ массаж салон деган ном билан исловотхона очиш ҳолатлари жуда кўп. Шунга кўпчилик¸ бунақа жойларни ëпган бўлса¸ ажаб бўпти¸ дейиши мумкин. Лекин менинг салоним соғломлаштириш маркази ва асосий мижозларим авариядан кейинги проблемалар¸ ëки грижаси учун махсус тиббий массажга эҳтиëжманд одамлар. Улар учун бундай сурункали муолажа жуда муҳим. Икки йил ичида ўз клиентурамга эга бўлгандим. Ҳозир улар ҳам қийналиб кетган¸ телефон қилиб¸ қачон очилишимизни сўрашади. Жавобини ҳеч ким билмайди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 март кунги махсус қарори билан¸ коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида мамлакат ҳудудидаги “барча кўнгилочар объектлар, шу жумладан тунги клублар, дискотека, ресторан, кафе, ошхона, чойхона, спа ва массаж салонлар, караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) марказлари ва компьютер ўйинлари хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик фаолияти тўхтатилди”.

15 июндан бошлаб¸ эпидемия вазиятини баҳолашда мамлакат қизил¸ сариқ ва яшил ҳудудларга ажратилиб¸ сариқ ва яшил зонага кирган шаҳарларда тақиқланган хизматларнинг қайта бошланишига рухсат берилди. Спа ва массаж салонлари рухсат берилган хизматлар рўйхатига кирилмади.

Муҳаммаджон Ҳамидовнинг айтишича¸ бундай тақиққа қарамай¸ Тошкент шаҳрида камида бешта спа салони карантин даврида ҳам хизматини давом эттирган.

-Буларнинг орқасида катта одамлар турипти. Бу соҳанинг ўз монополистлари бор. Менга ўтган ҳафта биттаси чиқиб¸ 1000 доллар берсанг¸ СЭСдан рухсатнома олиб бераман¸ деди. Демак¸ салонни бошқача регистрация қилиб¸ ишлатиш мумкин ва ишлатишаяпти ҳам. Бу ерда айрим ваколатли идоралар учун мақсад¸ эпидемияни тўхтатиш эмас¸ шу баҳона пора олиб қолишга ўхшаяпти.

8 июль куни президент Шавкат Мирзиëев кичик бизнес ва тадбиркорларнинг пандемия давридаги оғир вазияти ҳақида яна бир махсус йиғилиш ўтказди.

Бу ҳақда хабар берган президент матбуот хизматининг ëзишича¸ мажлисда Мирзиëев “тадбиркорлар карантин қоидаларига амал қилишда санитария ва ёнғин хавфсизлиги идоралари томонидан тушунарсиз ва бир-бирига зид талабларга дуч келаëтгани”ни танқид қилган¸ тегишли идораларга тадбиркорларнинг мурожаат ва таклифлари асосида жорий тартибларни қайта кўриб чиқишни буюрган.

XS
SM
MD
LG