Ссылки доступа

Эрон “Боинг” ҳалокатини радиолокацион станциянинг нотўғри созлангани билан изоҳлади


Эрон расмийлари Теҳрон аэропортидан парвоз қилганидан кўп ўтмай икки ракета билан уриб туширилган Украина йўловчи учоғи билан боғлиқ суриштирув натижаларига оид ҳисоботларини эълон қилдилар.

Фожиа 2020 йил 8 январида содир бўлганди. “Украина ҳаво йўллари” авиаширкатига тегишли Боинг бортида 176 киши бўлиб, ҳодиса ортидан уларнинг барчаси ҳалок бўлган.

Эронлик терговчиларга кўра, авиаҳалокатга радиолокацион станциянинг (РЛС) нотўғри созлангани сабаб бўлган. РЛС ҳавога қарши мудофаа операторларига нотўғри сигнал етказган. Ҳисоботга мувофиқ, операторлар ҳам ракета учириш учун ҳавога қарши мудофаа қўмондошлигидан рухсат сўраб ўтирмаганлар.

Британиянинг The Guardian нашри учоқ қулаганида Теҳрон дастлаб авиаҳалокатга учоқ бортидаги “техник носозликлар” сабаб бўлганини иддао қилганини қайд этади. Бироқ, орадан бир неча кун ўтгач, Эрон расмийлари учоқни ўз жанговар ракеталари янглишлик туфайли уриб туширганини тан олганлар.

Эрон фуқаро авиацияси бошқармаси томонидан ёйинланган ҳисоботда Теҳрон четидаги Ҳавога қарши мудофаа тизими операторлари аппаратурани ўз вақтида қайта созлашга улгурмагани айтилади. Ўша тонгда қўшинлар “кучли тревога” ҳолатида бўлган – “тревога ҳолати” АҚШ қўшни Ироқдаги ўз базалари нишонга олингани учун жавоб зарбалари бериш билан таҳдид қилгани ортидан бир неча соат аввал эълон қилинганди.

Эрон расмий ҳисоботини баён қилган The Guardian мақоласида ҳодисанинг техник тафсилотлари билан бир қаторда учоқ экипажи уриб туширилган пайтда Теҳрон аэропортидан парвоз қилиш протоколига бўйсунгани ҳамда тасдиқланган маршрутга риоя қилгани қайд этилади.

Украина учоғининг “қора қути”лари ҳали ҳам эронлик мутахассислар қўлида қолмоқда. Ҳодиса жойидан топилган “қора қути”лар расшифровка учун 20 июль куни Францияга берилиши кутилмоқда, дея хабар қилди Эроннинг IRNA агентлиги.

Жорий йил 8 январида содир бўлган авиаҳалокатда Эрон, Канада, Украина, Буюк Британия, Афғонистон ва Германия ватандошлари нобуд бўлганди.

XS
SM
MD
LG