Ссылки доступа

Тожикистон Адлия вазирлиги ТСДП аъзоларининг шахсий маълумотлари ИИВга берилганини инкор қилмоқда


Тожикистон Адлия вазирлиги Тожикистон Социал-демократик партияси раиси Раҳматилло Зойировнинг вазирлик партиянинг аъзолик борасидаги йиллик ҳисоботларини мамлакат ИИВга бериши юзасидан берган баёнотини инкор қилди.

Социал-демократлар етакчиси 23 июн куни ижтимоий тармоқларда баёнот тарқатиб, маҳаллий хокимият идоралари Адлия вазирлиги томонидан берилган ТСДП аъзолари тўғрисидаги маълумотларни олганидан сўнг, партия аъзоларини таъқиб қилаётгани, пўписа қилаётгани ва қўрқитаётганини маълум қилган эди.

Тожикистон Адлия вазирининг ўринбосари Асадулло Ҳакимзода 13 июл куни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида баёнот берар экан, вазирлик ТСДПнинг ҳисоботини бошқа давлат тузилмаларига бермаганини айтди. "Сиёсий партиялар томонидан тақдим қилинадиган йиллик ҳисоботлар фақат ички мақсадларда фойдаланилади, бошқа вазирлик ва идораларга, жумладан ИИВга берилмайди", деди Радио Озоди мухбирининг берган саволига жавоб берар экан. «Шуни таъкидламоқчиман, ТСДПдан партия аъзоларининг таъқиб қилиниши ёки партия ҳисоботини бошқа давлат тузилмаларига берилиши юзасидан мурожааат олмадик», дея қўшимча қилди Адлия вазирининг ўринбосари.
«Мен шахсан ўзим Адлия вазирлигига берган ҳисоботимизнинг нусхасини участка нозири қўлида кўрдим», -дея баёнот берган эди Зойиров.

«ТСДПнинг Вахдат тумани бўйича раҳбарини иш жойида ва яшаш жойида эзиб ташлашди. ТСДПнинг Гарм туманида яшовчи фаолига нисбатан иш уюштиришди ва қамоққа ташлашди, биз уни зўрға олиб чиқдик. Мен Бузургмехр Ёров ёки Шуҳрат Қудратов ҳақида гапирмайман, уларнинг ҳар иккиси ТСДП Сиёсий Кенгаши аъзоларидир. Ёров бугун қамоқда ўтирибди, Қудратов озод бўлди ва ҳозир Москвада. Ғисор туманида мураккаб вазият юзага келган. Бир неча йилдан бери Маҳмурод Одинаев ва туман фаоллари таъқиб остида», дея таъкидланган эди тожик социал-демократлари етакчисининг баёнотида.

Тожикистонда сиёсий партиялар ҳар йили Адлия вазирлигига ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот ва партия аъзоларининг рўйхатини тақдим қилиши керак.

Социал-демократик партия 1998 йилда рўйхатга олинган, ўшанда Раҳматилло Зойиров Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишларди. Партия Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтганидан сўнг Зойиров истеъфога чиқди ва ўшандан бери тожик социал-демократларнинг етакчиси бўлиб келади.

XS
SM
MD
LG