Ссылки доступа

Қозоғистонда карантин режими июл сўнгига қадар узайтирилади ва фуқароларга нафақа тўланади


Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 13 июл куни Twitter’да баёнот берар экан, мамлакатдаги эпидемиологик вазият туфайли карантин режими яна икки ҳафтага узайитирилишини маълум қилди.

Унинг ёзишича, сешанба куни ҳукумат комиссияси ўз қарорини эълон қилади. Тоқаевнинг баёнотига қараганда, ҳукумат муҳтожларга июль ойи учун 42 500 тенге (100 долларга яқин) беради.

COVID-19га чалиниш кўпайиши ва зотилжам туфайли шифохонага ётқизилаётган беморлар сонининг ортиб бориши сабабли ҳукумат 5 июлдан мамлакатда икки ҳафталик карантин жорий қилди. Хизмат кўрсатиш соҳасидаги айрим корхоналар фаолияти, улгуржи савдо тақиқланди, ҳаракатларда чекловлар жорий этилди, шаҳарлар ва минтақалар ўртасидаги автобус қатновлари тақиқланди.

Тоқаев дори-дармон, тиббиёт ходимларининг етишмаслиги борасидаги шикоятлар фонида “барқаролашувининг илк аломатлари” кўринаётгани ва уни “мустаҳкамлаш” зарурлигини айтди.

Коронавирус пандемияси сабаб март ойида жорий қилинган салкам икки ой амал қилган фавқулотда ҳолат вақтида миллионлаб қозоғистонликлар карантин шароити ваа корхоналар тўхтаб қолгани боис даромадларидан айрилди.

Карантин узайтирилиши борасидаги режалар ҳақида Тоқаев коронавирус қурбонлари хотираси учун жорий қилинган умуммиллий мотам куни вақтида айтди. Касаллик тарқала бошланганидан бери Қозоғистонда 59 899 кишининг коронавирусга чалингани қайд қилинди. Расмий маълумотларга кўра, 34 190 бемор соғайиб кетди. Расмийларнинг маълум қилишларича, 375 киши вафот этди. Бу статистикага юзлаб ўлимлар киритилмаган, махсус комиссия бу ўлимлар бошқа касалликлар туфайли юз берган деган хулосага келди, коронавирус «йўлдош касаллик бўлган».

Мамлакатда ФҲ режими март ойида илк бор коронавирус ҳолати қайд қилинганидан сўнг жорий қилинган эди ва май ойи ўрталарига қадар амалда бўлди. Шу давр ичида ҳукумат даромадидан айрилган қозоғистонликларга энг кам иш ҳақи – 42 500 тенге миқдорида икки марта нафақа тўлади. Ҳукуматнинг маълумотига кўра, биринчи ойда 4,5 миллиондан кўп киши, иккинчи ойда эса икки миллиондан ортиқ киши нафақа олди. Тўловлар ҳужжатларни расмийлаштиришдаги мураккабликлар, бу маблағлар турмуш кечириш учун етишмаслиги борасидаги шикоятлар билан тўланди.

Такрорий карантин жорий қилиниши билан бош вазир ўринбосари Ерали Тугжанов баёнот бериб, ижтимоий тўловларга асос йўқлигини айтди.

Аввал амал қилган чекловлар юмшатилганидан сўнг касаллик авжига чиққани боис Қозоғистонда такрорий карантин жорий қилинди. Айрим ғарб ОАВи, Қозоғистон такрорий локдаун жорий қилган жаҳондаги биринчи мамлакат бўлганини ёзди, Британиянинг Telegraph нашрининг таъкидлашича, Марказий Осиёдаги мазкур мамлакат «COVIDга қарши қандай курашмасликни кўрсатди».

XS
SM
MD
LG