Ссылки доступа

Қозоғистонда карантин 2 августга қадар узайтирилди


Бош вазир Асқар Мамин коронавирус туфайли мамлакатда такроран жорий қилинган карантин режими 2 августга қадар узайтирилганини маълум қилди.

Хукуматнинг 14 июл куни бўлиб ўтган мажлисида Асқар Мамин хукумат шу давр мобайнида даромадидан айрилганларга 42 500 тенге (100 доллар атрофида) бир марталик нафақа беришини хам таъкидлаб ўтди.

«Давлат раҳбари топшириғига кўра чеклов чоралари даврида даромадини йўқотганларга энг кам иш ҳақимиқдорида – 42 500 тенге – бир ойлик нафақа берамиз. Тўловлар чекловлар вақтида фаолиятини тўхтатган иш берувчиларнинг, хусусий тадбиркорлар ва ўзи иш билан банд бўлган шахсларнинг аризасига биноан берилади», – дея баёнот берди Мамин.

Қанча кишининг нафақа олиши юзасидан ойдинлик киритилмади.

COVID-19га чалиниш кўпайиши ва зотилжам туфайли шифохонага ётқизилаётган беморлар сонининг ортиб бориши сабабли хукумат 5 июлдан мамлакатда икки ҳафталик карантин жорий қилди. Хизмат кўрсатиш соҳасидаги айрим корхоналар фаолияти, улгуржи савдо тақиқланди, ҳаракатларда чекловлар жорий этилди, шаҳарлар ва минтақалар ўртасидаги автобус қатновлари тақиқланди.

Коронавирус пандемияси сабаб март ойида жорий қилинган салкам икки ой амал қилган фавқулотда ҳолат вақтида ҳам фуқороларга— 42 500 тенге миқдорида нафақа берилган эди. Шу вақт мобайнида хукумат даромадидан айрилганларга икки марта нафақа берди. Хукуматнинг маълумотига кўра, биринчи ойда 4,5 миллиондан кўп киши, иккинчи ойда эса икки миллиондан ортиқ киши нафақа олди. Тўловлар ҳужжатларни расмийлаштиришдаги мураккабликлар, бу маблағлар турмуш кечириш учун етишмаслиги борасидаги шикоятлар билан тўланди.

Салкам икки ой амал қилган фавқулотда ҳолат вақтида миллионлаб қозоғистонликлар карантин шароити ва корхоналар тўхтаб қолгани боис даромадларидан айрилди.

Хукумат сайтида берган хабарга кўра, Мамин сешанба куни миллиондан ортиқ муҳтожларга «озиқ-овқат учун пул берилиши», учинчи чоракда 128 минг оилага манзилли ижтимоий кўмак кўрсатилиши, ногиронлиги туфайли нафақа оладиган 30 минг фуқорога ёрдамларни уч ойга узайтирилиши борасида баёнот берган.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 13 июл куни Twitter’да баёнот берар экан, мамлакатдаги эпидемиологик вазият туфайли карантин режими яна икки ҳафтага узайитирилишини маълум қилди. Тоқаев дори-дармон, тиббиёт ходимларининг етишмаслиги борасидаги шикоятлар фонида “барқаролашувининг илк аломатлари” кўринаётгани ва уни “мустаҳкамлаш” зарурлигини айтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, беморлар сони 61 755 нафарга етди. Бир суткада вирус 1 856 кишида аниқланди. 35 911 беморнинг соғайиб кетгани, 375 ўлим қайд қилингани айтилмоқда. Бу статистикага юзлаб ўлимлар киритилмаган, махсус комиссия бу ўлимлар бошқа касалликлар туфайли юз берган деган хулосага келди, коронавирус «йўлдош касаллик бўлган».

XS
SM
MD
LG