Ссылки доступа

Тожикистон Харлем Дезирнинг ОАВ эркинлиги бўйича ЕХҲТ вакили этиб тайинланишига тўсқинлик қилди


Харлем Дезир
Харлем Дезир

Тожикистон ОАВ эркинлиги масаласи бўйича Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти вакили Харлем Дезирнинг ваколатлари узайтирилишига розилик бермади.

Харлем Дезир тожик расмийларини ОАВга кўрсатган босими учун бир неча марта танқид қилган. Охирги ойларда у Озодлик радиоси журналистларининг аккредитацияси узайтирилиши тарафдори бўлиб чиқди ва «Азия-Плюс» ахборот агентлиги мухбири Абдулло Гурбатига уюштирилган ҳужумни қоралади. Хабар берилишича, Озарбайжон ва Туркия ҳам Дезирнинг ОАВ бўйича ЕХҲТ вакили лавозимига тайинланишига қарши чиқишди. Экспертлар ЕХҲТдаги шу пайтгача кўрилмаган, сўз эркинлигини бузаётган мамлакатлар туфайли юзага келган инқироз ҳақида гапиришмоқда.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти бош котибсиз қолди. Шунингдек, демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари Бюроси раиси, миллий озчиликлар ишлари бўйича олий комиссар ва ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакил лавозимлари ҳам вакант бўлиб қолмоқда. ЕХҲТда раислик қилаётган Албания вакиллиги 12 июль куни “57 иштирокчи давлат ҳозирги вақтда ушбу лавозимни эгаллаб турган шахсларнинг қайта сайланиши масаласида бир қарорга кела олмаганларини” таассуф билан хабар қилди. Албания 2020 йилнинг 1 январидан ЕХҲТда раислик қилмоқда.

Озодлик радиосининг манбаси исми ошкор қилинмаслик шарти билан хабар беришича, Тожикистон, Озарбайжон ва Туркия бош котиб ва ЕХҲТ институтлари раҳбарларининг ваколатлари узайтирилишига тўсиқ қўйишган. Тожикистон расмийлари мазкур хабарни рад этиб, номзодларни илгари суриш жараёни ҳали якунига етмаганини таъкидлашди.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти хавфсизлик масалалари билан шуғулланувчи жаҳондаги йирик минтақавий ташкилотдир. У Шимолий Америка, Европа ва Марказий Осиёда жойлашган 57 та давлатни бирлаштирган. ЕХҲТнинг барча иштирокчи давлатлари теппа-тенг мақомга эга. Қарор консенсус асосида қабул қилинади. Қарор ҳуқуқий жиҳатдан мажбурий хусусиятга эга эмас, бироқ катта сиёсий аҳамиятга эга. ЕХҲТ бош котиби ва институтлари раҳбарларининг сайловлари ҳар уч йилда ўтказилади. Ташкилот ҳозирги раҳбарларининг ваколатлари муддати 18 июль куни ўз ниҳоясига етади.

ЕХҲТ даги Тожикистон элчиси Идибеки Қаландарнинг хабар қилишича, номзодларни илгари суриш жараёни ҳали якунлангани йўқ. Дипломатларга ОАВ вакиллари билан суҳбатлашишга рухсат берилмади, мен вазиятни фақат ушбу жараён якунланганидан кейингина изоҳлай оламан, деди Тожикистоннинг расмий вакили.

Айни пайтда, Озодлик радиосининг Венадаги ЕХҲТнинг марказий идорасидаги манбаси аноним қолиш шарти билан хабар беришича, ҳаммаси Тожикистон расмийларининг ташкилот номига йўллаган мактубидан бошланган. Унга кўра, 25 июн куни Душанбе ЕХҲТнинг амалдаги раисига хат йўллаб, ОАВ эркинлиги бўйича ЕХҲТ вакили Харлем Дезирнинг ваколатлари узайтирилишига розилик бермаслигини маълум қилди. «Мазкур мактубда Тожикистон расмийлари ЕХҲТ сўз эркинлиги ҳақида гапириб, амалда террорчилар ва экстремистлар учун платформага айланиб қолганини айтишди», дейди манба. Тожикистон шунингдек, ташкилот раҳбарлари сифатида нафақат европаликлар, балки барча иштирокчи давлатлар вакиллари бўлиши сифатида майдонга чиқмоқда, дея қўшимча қилади суҳбатдошимиз.

ОАВ эркинлиги масалалари бўйича ЕХҲТ вакили лавозимида франциялик дипломат Харлем Дезир Тожикистонни сўз эркинлиги соҳасидаги чекловлари ва мустақил нашрлар ҳуқуқларини бузганлиги учун бир неча бор танқид қилган. Жумладан, у тожик журналисти Хайрулло Мирсаидовни ҳимоя қилиб чиқди, Озодлик радиоси ва “Азия Плюс” АА сайтлари тўсилишини танқид қилди, Озодлик радиоси журналистлари аккредитациясини узайтирилишини талаб қилди, “Азия Плюс” АА журналисти Абдулло Гурбатига қилинган ҳужумни қоралади, ҳар сафар Душанбени ўзининг халқаро мажбуриятларини бажаришга чақирди.

XS
SM
MD
LG