Ссылки доступа

Мирзиёев cоғлиқни сақлаш вазири ва Тошкент шаҳар ҳокимига ҳайфсан берди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва даволаш бўйича Тошкент шаҳридаги ишларни талаб даражасида ташкил этмагани, эпидемиологик вазиятнинг салбий ўзгаришларига тайёр бўлишни таъминламагани, бу касаллик билан “пастга тушиб” мукаммал шуғулланмагани учун соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ҳайфсан эълон қилган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пандемия билан боғлиқ вазият муҳокамасига бағишланиб, 15 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида президент Тошкент шаҳри ва вилоятининг барча сектор раҳбарларини жиддий огоҳлантирган.

Мирзиёевга кўра, мутасаддилар ҳозирги мураккаб вазиятни тўғри баҳолай олмаётгани, хавфни тушуниб етмаётгани аёнлашган.

“Айниқса Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари ишониб топширилган ҳудудлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганмаган, тиббиёт муассасаларидаги реал вазиятни билмайди. Аҳолини вирусдан огоҳлантириш ва сақлаш, касалларни ўз вақтида ва тўғри даволаш учун масъулиятни ҳис қилмаган”, деган Ш. Мирзиёев.

Президентнинг таъкидлашича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳам кейинги бир ойда коронавирусни даволаш стратегияси ва тактикаси кескин бузилган, реал ҳолатдан келиб чиқиб, даволаш амалиёти ўзгартирилмаган.

Тошкент шаҳрида касалликни аниқлайдиган тестлар ва зарур тиббиёт воситалари етишмаётганини урғулаган Ш. Мирзиёев дорихоналарда вирус ва иситмага қарши препаратлар нархи асоссиз, бир неча баробар ошириб юборилгани, бу эса аҳоли орасида кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётганини қўшимча қилган.

Йиғилишда Республика махсус комиссиясига Тошкент шаҳри ва вилоятида коронавирус тарқалишига қарши кураш ва аҳолини даволаш ишларига алоқадор барча вазирлик ва идоралар, йирик тиббиёт муассасалари раҳбарларидан иборат 24 соат ишлайдиган штаблар ташкил қилиш кўрсатмаси берилган. Ушбу штаблар вазиятни реал вақт режимида назорат қилиб, юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш чораларини кўради.

Шу билан бир қаторда, Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятидаги поликлиникалар ҳузуридаги мобил гуруҳлар сонини уч баробар кўпайтириш вазифаси юклатилган.

XS
SM
MD
LG