Ссылки доступа

Тожикистоннинг юздан ортиқ фуқароси рус-қозоқ чегарасида тўпланиб қолди


Тожикистоннинг РФдаги элчихонаси муҳожирларни ватанларига етказишни ваъда қилаётган фирибгарларнинг ҳийлаларига учмасликка чақирди.

Тожикистоннинг юздан зиёд фуқаролари Россия-Қозоғистон чегарасининг “Маштаково” назорат ўтиш пунктида тўпланган. “Маштаково” халқаро автомобил ўтказиш пункти Оренбург вилоятида, Самара-Большая Черниговка М-32 автойўлининг 194-километрида жойлашган.

Ҳомиладор аёллардан бири, бохтарлик Бегамгул Сарибоеванинг 15 июль куни ҳикоя қилишича, тожикистонликлар 12 кундан бери “Маштаково” ўтиш пунктидан унча узоқ бўлмаган чайлаларда яшамоқда. «Борар жойимиз йўқ. Бизни бу ерга келтирганларидан бери 12 кун ўтди. Мен кўпроқ юрагим остида олиб юрган боладан ташвишдаман. Онам ҳар куни қўнғироқ қилиб йиғлайди», дейди Бегамгул.

«Бу ердан бизни ўзбек расмийлари ўз муҳожирларини олиб кетганидек, автобусларга ўтқазиб, уйимизга олиб кетади деб ўйлагандик. Лекин ҳеч ким биз ҳақимизда қайғураётгани йўқ», дея фарёд қилади чегарада тўпланган аёллардан бири Зулфия Почожонова. Унга кўра, эркаклар ёзнинг жазирама нуридан ҳимояланиш мақсадида дарахтларнинг қуриб қолган шохларидан чайлалар қуришган. Видеодан кўриниб турибдики, барча мигрантлар қуруқ ерда ухламоқда», деб ёзғиради улар. Айрим тўпланган муҳожирларнинг айтишича, уларни Москвадан қандайдир автобус ҳайдовчиси Қозоғистон икки кунга муҳожирлар учун ўз чегараларини очаётганлигига ишонтириб олиб келган. Бошқалар «Маштаково» га Бузулукадан келишган.

Тожикистоннинг РФдаги элчиси Имомиддин Саттори тожикистонликлар уларни ватанига етказишни ваъда қилган фирибгарларнинг қурбонига айлангани эҳтимолини инкор этмайди.

"Қозоғистон билан чегара ёпиқ, эпидемиологик вазият нафақат Қозоғистон, балки Ўзбекистон ва Қирғизистонда ҳам ёмонлашмоқда. Одамлар бу ҳақда хабардор, аммо барибир чегарага йўл олмоқда. Бу ерда, Москвада, автобуслар билан мигрантларни давлат чегараси чизиғигача етказадиган компаниялар кам эмас. Шу кунларда биз уларнинг вакилларини таклиф этиб, одамларни алдамасликни талаб қилдик», дейди тожикистонлик дипломат Озодлик радиоси билан суҳбатда.

Тожикистоннинг РФдаги элчихонасининг баёнотига кўра, ҳозирги вақтда Тожикистон фуқаролари ватанларига фақат мамлакат расмийлари томонидан ташкиллаштириладиган чартер рейслари орқали қайтишлари мумкин.

Тожикистоннинг Уфадаги консуллиги “Маштаково” ўтиш пунктида йиғилган айрим муҳожирларни, жумладан, барча аёлларни чартер рейс билан жўнатишга тайёрлигини хабар қилди. Аммо аёлларнинг ўзи авиачипталар сотиб олишга пуллари йўқлигини айтмоқда. Бошқа муҳожирларга кунига 1-2 минг рубл маош билан иш таклиф этишган.

Тожикистон 25 июндан эътиборан Россияда тўпланган ўз фуқароларини ватанга босқичма-босқич қайтаришни бошлади. Шу мақсадда “Тожик эйр” ва “Сомон эйр” авиакомпанияларининг Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Новосибирск ва Екатеринбург шаҳарларидан чартер рейсларини амалга ошириш режалаштирилган. 4 июль куни COVID-19 тарқалишининг олдини олиш бўйича эпидемияга қарши чораларни кучайтириш республика штаби томонидан июлда Россиядан Тожикистонга яна 13 та қўшимча рейсларни амалга ошириш борасида қарор қабул қилинди. Тожик дипломатларига кўра, 8 мингдан зиёд Тожикистон фуқаролари Россия ҳудудини тарк этиш истагини билдирган. Дипломатларга кўра, барча хоҳловчиларни олиб чиқиш учун чартер рейслар етарли эмас.

Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси ватандошларини Тожикистон ва Россия ўртасида мунтазам авиақатновлар бошланишини кутишга чақирмоқда.

XS
SM
MD
LG