Ссылки доступа

Ўзбекистонда коронавирусга қарши дори тақчиллиги юзага келди


Ўзбекистон дорихоналарида бир ҳафтадирки, коронавирусга қарши дорилар тақчиллиги кузатилаётгани тўғрисида хабарлар кела бошлади.

Тошкентнинг турли худудларида жойлашган ўндан зиёд дорихонада Арбидол, Эргоферон, Лопинавир, Авиган, Гидроксихлорохин каби Сovid-19 аниқланган беморларни даволашда ишлатилаётган дорилар бирортасида ҳам йўқ.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги коронавирусдан уйда даволаниш учун тавсия қилган Азитромицин, Плаквенил, Ремдесивир, Умифеновир, Фавипиравир дорилари ҳам Тошкент дорихоналарида етишмаяпти.

Шамоллашга қарши қўлланиладиган Парацетамол ҳам Тошкент дорихоналарида йўқлиги маълум бўлди. Шунингдек, Аспирин дорисининг ҳам пойтахт дорихоналарида тақчиллиги кузатилмоқда.

Дорихона ходимлари ушбу дорилар етишмовчилиги кейинги бир ҳафта ичида кузатилаётгани ва қачон тақчилликка барҳам берилишидан бехабарлигини айтишди.

Дорилар тақчиллиги нафақат Тошкентда балки бутун мамлакат бўйлаб кузатилмоқда.

Хabar.uz нашри “бугунги кунда вирусга қарши самарали восита ҳисобланган Эргоферон дориси Бухоро вилояти ҳудудларидаги дорихоналарининг бирортасида қолмагани” ҳақида ёзди.

Ижтимоий тармоқларда ҳам вирусга қарши дорилар етишмовчилиги кескин танқид қилинмоқда.

Жумладан, Фейсбук тармоғидаги постлардан бирида Арбидол ва Эргоферон дориларининг тақчиллиги ва қимматлигидан шикоят қилинган.

Постдаги изоҳлардан маълум бўлишича, жорий йилнинг февраль ойида 30-35 минг сўм атрофида сотилган Арбидол бугунги кунда 502 минг сўмдан сотувга қўйилган.

Дори тақчиллиги масаласини президент Шавкат Мирзиёев ҳам 14 июль кунги видеоселектор йиғилишида тилга олиб, дори воситаларининг уч ойлик захирасини яратишга топшириқ берди.

«Дори воситалари қимматлашса, одамларимизнинг норозилигига олиб келади. Ана шуни қаттиқ назоратга олиш керак. Яна бир марта айтаман: захирамизда ҳаммаси бор, нима йўқ бўлса — олиб келамиз. Шу билан бирга, жойларга етказиб бериш борасида қийинчиликлар юзага чиқмоқда. Ҳар бир ҳудудда нархлар фарқ қилади. Шунинг учун захира тайёрлаш ва нархларга эътибор қаратиш керак», деди Мирзиёев.

XS
SM
MD
LG