Ссылки доступа

Бобожон Ғафуров тумани раҳбари: Қирғизистон билан чегара участкасида назорат кучайтирилди


Зариф Назири

Бобожон Ғафуров туманининг маҳаллий расмий органлари баёнотига кўра, COVID-19 туфайли Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара тўлиқ назорат остига олинган.

Мазкур туман раиси Зариф Назирининг 15 июль куни айтишича, Тожикистон шимолий қисмида икки давлат ўртасидаги чегара 21 апрелдан ёпиқ, чегарадаги назорат ҳам кучайтирилган.

«Аввал бошдан транспорт воситалари ҳаракатининг олдини олиш учун 17 та назорат-ўтиш пунктларида ҳандақ қазидик. Сўнгра фуқароларнинг ҳаракатланиши назорати устидан постлар ўрнатилди. Фуқаролар чегараларни ўзбошимчалик билан ўтмасликлари ва Қирғизистон ҳудудида ёқилғи мойлаш материаллари сотиб олмасликлари учун биз 250 та видеокамера сотиб олдик ва ўрнатдик, улар орқали куну-тун видеоёзув юритаяпмиз. Ҳозир вазият тўлиғича назорат қилинаяпти», - қайд этади туман раиси.

Тожикистоннинг Бобожон Ғафуров тумани ва Қирғизистоннинг Лайлак тумани ўртасида олдин 17 та назорат-ўтиш пунктлари амалда бўлган. Икки қўшни мамлакатнинг Хистеварз ва Арка аҳоли пунктларидаги чегара участкалари минтақавий аҳамиятга молик Хўжанд-Исфара автойўли ўртасидан ўтган. Ҳар икки давлат яшовчилари бу ерда, ҳам Тожикистон, ҳам Қирғизистон ҳудудлари бўйлаб тўсиқсиз ҳаракатланишган.
Сешанба куни Конибодомга борган, чоршанба куни ортга қайтган Хўжанд шаҳрида яшовчи кишининг Озодлик радиоси билан суҳбатда айтишича, икки давлат ўртасидаги Хистеварз ва Арка чегараси участкаларини милиция ходимлари назорат қилмоқда.

Расмийлар Хўжанд-Конибодом автойўли мазкур чегара участкасидаги ўз ҳудудида ушланган қўшни давлат фуқароларини 14 кунлик карантинга жойлаштирмоқда. «Конибодомда яшайдиган танишларимдан бирини қирғиз расмийлари автойўлнинг қирғиз томонидаги ёқилғи қуйиш шахобчаларидан бирида қўлга олиб, уни 14 кунлик карантинга ётқизишди», - дейди суҳбатдош.

Қирғизистоннинг Лайлак тумани билан чегарадош Бобожон Ғафуров тумани эпидемиянинг тарқалишидаги заиф туманлардан бири ҳисобланади.

Тожик-қирғиз чегарасининг узунлиги 976 километр бўлиб, унинг фақат 504 километри делимитация ва демаркация қилинган. Демаркация тўғрисидаги қарор ҳанузгача қабул қилинмаган чегаралар участкаси асосан, Сўғд ва Боткен вилоятлари ўртасидаги чегарага тўғри келади. Автомобил йўллари бу ерда икки давлат ҳудудларини бир-биридан ажратиб туради, аҳоли пунктлари ва қишлоқларни икки қисмга бўлади, бу ерларда яшовчилар эса борди келди учун барча эҳтимол тутилган йўллардан фойдаланишади.
Бобожон Ғафуров тумани биринчи тиббий-санитария ёрдами Бошқармаси маълумотига кўра, апрель охиридан бери мазкур туманнинг 234 нафар яшовчиси СOVID-19 билан оғирган, уларнинг 4 нафари вафот этган.

Мазкур бошқарма раҳбари Малика Косимованинг 15 июль куни айтишича, туманнинг 1531 нафар турғуни зотилжам ва респиратор инфекцияси билан оғриган, уларнинг 1438 нафари соғайиб, касалхонадан чиқарилган. Ҳозирги вақтда 9 нафар турғун коронавирус аломати билан шифокорлар назорати остида қолмоқда ва уларнинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда.

Қосимованинг айтишича, туманга 9 та юк автомобилида коронавирусга чалинган оилалар учун дори-дармон, озиқ-овқат ёрдами етиб келган. Оила-аъзолари COVID-19 дан вафот этган тўртта оилага пул ёрдами кўрсатилган.

XS
SM
MD
LG