Ссылки доступа

РФ да исёндан кейин мигрантларга уларга белгиланган пулни ундириб беришга ваъда беришди


Россияда исёндан кейин муҳожирларга патент учун пул ундириб беришга ва қўшимча тўловлар ажратилишига ваъда беришди.

Россиянинг Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводининг қурилиш майдончасида меҳнат муҳожирларининг тўполон кўтаришидан кейин "Ренейссанс Хэви Индастриз" қурилиш ташкилоти ходимларга патент ва бошқа рухсат этувчи ҳужжатларга кетадиган ҳаражатларни қоплаб беришга ваъда берди.

Олдинроқ бу компания ушбу мақсадлар учун муҳожирларнинг иш ҳақидан пул ушлаб қолган ва айни омил норозиликка сабаб бўлган.
Нусхаси Озодлик радиоси ихтиёрига келиб тушган "Ренейссанс Хэви Индастриз" компаниясининг 16 июлдаги баёнотида шу йилнинг июнида меҳнат муҳожирларининг маошидан патент ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар учун ушлаб қолинган пулларни қайтариб беришга ваъда берилган. Бундан ташқари, ташкилот икки ойлик ишланмаган кунлар учун ҳам ҳар бир ходимга 20 минг рублдан тўлашга ваъда берди.

Ташкилот шунингдек, ҳар бир меҳнат мигрантига келаётган Қурбон-байрам (Ийди Қурбон) учун 5 минг рублдан мукофот пули тўлашга ваъда берди. Аммо раҳбарият барча ходимлардан тартибсизликларни тўхтатишни ва ўз меҳнат мажбуриятларини ижро этишга қайтишни талаб этди. «Акс ҳолда оммавий тартибсизликларда қатнашган барча ходимларнинг номлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга берилади», - дейилади ушбу ташкилот баёнотида.

«Ренейссанс Хэви Индастриз» ташкилотининг баёноти Амур вилояти губернатори Руслан Медведев қурилишга ташриф буюриб, прокуратурадан Амур вилоятининг Свободний шаҳрида газни қайта ишлаш заводидаги қурилишда содир бўлган оммавий тартибсизликлар ва тўполонлар сабабларини аниқлашни талаб қилгандан кейин тарқатилди. Вилоят прокуратураси оммавий тартибсизликлар факти юзасидан РФ тергов қўмитаси тергов органлари томонидан РФ ЖКнинг 212 моддаси 2 қисми (Оммавий тартибсизликларда ноқонуний иштирок этиш) да кўзда тутилган жиноят аломатлари бўйича жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди. Айни вақтда Амур газни қайта ишлаш заводидаги объектлар қурилишига жалб этилган пудратчи ташкилотлар ходимларига иш ҳақи тўламаслик ва патент учун пул ушлаб қолиш фактлари бўйича терговолди текширувлари ўтказилмоқда. Прокуратура органларининг аниқлашича, «Ренейссанс Хэви Индастриз»нинг масъуллари томонидан икки ой учун корхона ходимларидан 144 миллион рубл ноқонуний ушлаб қолинган.

13 июль куни ўнлаб тожик ва ўзбек меҳнат мигрантлари Свободненск тумани ҳудудида жойлашган Амур газни қайта ишлаш мажмуасининг қурилиш майдонида оммавий тартибсизликларга айланиб кетган исён кўтаришди. Мигрантлар юз берган ҳодисанинг асосий сабаби сифатида маошларидан меҳнат фаолиятини олиб боришга рухсат берувчи ҳужжатлар учун маошларидан пул ушлаб қолингани ва мажбурий иш тўхтагани учун маошлари тўланмаганини тилга олишди. Амур вилоятининг газни қайта ишлаш заводининг қурилишида Марказий Осиёдан 15 мингдан кўпроқ меҳнат муҳожири, шу жумладан, деярли 4 минг Тожикистондан бўлган ишчилар меҳнат қилмоқда.

Россия ҳудудида коронавируснинг тарқалиши ва карантин чораларининг жорий этилиши шу пайтгача ҳам оғир бўлган меҳнат муҳожирлари ҳаётини оғирлаштириб юборди. Пандемия вақтида тирикчилик илинжида келган кўплаб мигрантлар кўп ойлардан бери маошсиз ўтиришга, мана энди бошпанасиз қоилиш хавфи остида қолишга мажбур бўлишмоқда.

XS
SM
MD
LG