Ссылки доступа

ССВ: Қозоғисттонда эпидемия бошланганидан бери COVID-19дан 51 тиббиёт ходими вафот этди


Қозоғистонда коронавирус инфекциясидан 51 тиббиёт ходими ҳаётдан кўз юмди.

Бу ҳақда 16 июль куни ўтказилган брифингда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг товарлар ва хизматлар сифати ва хавфсизлиги назорати қўмитаси раиси Тимур Султангазиев хабар қилди.

«Бизнинг маълумотимизга кўра, афсуски, 51 тиббий ходим ўлди. Ҳамкасбимизнинг қариндошлари ва яқинларига бизнинг чуқур ҳамдардлигимиз», — деди Султангазиев.

Озодликнинг коронавирусдан қанча тиббиёт ходими ўлди, қанчаси зотилжамдан деб берган саволига Султангазиев “ҳозирги лаҳзада барча кронавирусдан ўлган деб ҳисобланади” дея жавоб қайтарди.

Султангазиев бугунги кунгача ҳаммаси бўлиб қанча тиббиёт ходими коронавирус инфекциясига чалингани ва вафот этган қанча тиббиёт ходимининг қариндошларига ҳукуматнинг 10 миллион танга (24,2 минг доллар атрофида) миқдорида товон пули тўлаш борасидаги ваъдасига мувофиқ маблағ ажратилгани ҳақидаги саволига жавоб бера олмади.

Мамлакатда март ойида инфекцияга чалинишнинг биринчи ҳолатлари рўйхатга олинганидан кейин расмийлар коронавирусга қарши кураш доирасидаги тадбирларга жалб этилган тиббиёт ходимларига ойлик қўшимчалар ваъда қилишган (сумма юқиш хавфи даражасидан келиб чиқади). Ўшанда ҳукумат коронавирус инфекцияси билан касалланган тақдирда шифокорга давлат фондидан бир мартали ижтимоий тўловлар, икки миллион танга миқдорида ижтимоий суғурта, ўлим юз берганда 10 миллион танга ажратилишини хабар қилди.

18 июнда, ўшанда Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Лязат Актаева коронавирус инфекцияси 1904 тиббиёт ходимида аниқланганини, бу ўша пайтда касаллик юқтирганларнинг 12 фоизини ташкил этишини хабар қилди. Кеча Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган фармон матнида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 42 нафар тиббиёт ходимини, улар орасида ҳамширалар ва тез ёрдам станция ходимларини ўлимидан кейин давлат мукофотлари билан тақдирлади.

Расмий маълумотларга кўра, март ойида инфекциянинг биринчи ҳодисаси рўйхатга олинганидан бери Қозоғистонда 65188 кишида вирус аниқланди, 39 минг бемор соғайган деб ҳисобланмоқда. 14 июл кунги ҳукумат мажлисида Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой ўлганлар сони 396 нафарга етгани хабар қилинди.

16 июль кунги брифингда Озодлик мухбири Соғлиқни сақлаш вазирлиги қўмитаси раисига бугунги кунгача COVID-19 га йўлдош касалликдан қанча бемор вафот этгани борасида савол билан мурожаат қилди, аммо амалдор унга жавоб қайтаролмади.

XS
SM
MD
LG