Ссылки доступа

Тожикистон жанубида ўн нафар киши трассани ёпишдаги иштироки учун жазоланди


Хуросон туманининг ўн нафар турғуни рухсат этилмаган митингдаги иштироки учун маъмурий қамоққа олинди.

Хуросон туманининг ўн нафар турғуни рухсат этилмаган митингда қатнашгани учун маъмурий қамоққа дучор қилинди, деб хабар беради Хатлон вилояти прокурори Абдурахим Рахимзода. Устиларидан жиноий иш қўзғатилган хуросонликларнинг тақдири ноаниқлигича қолмоқда.

17 май куни Хатлон вилоятининг Хуросон тумани ўнлаб яшовчилари норозилик акциясини ташкил этиб, Бохтар-Душанбе трассасида ҳаракатни тўсиб қўйишган. Улар шу йўл билан кучли сел тошқини оқибатлари билан боғлиқ ўз муаммоларига амалдорлар эътиборини қаратишни исташганини айтишади. Норозиларни милиция ходимлари тарқатишган. Хатлон вилояти прокурори Абдурахим Рахимзода 16 июль куни Бохтарда ўтказилган матбуот анжуманида 10 нафар киши ноқонуний митингда иштирок этгани учун 5 кундан 10 кунгача бўлган муддатга қамоққа олинганини маълум қилди. «Улар расмий ҳокимият томонидан рухсат этилмаган тадбирларда қатнашишни таъқиқлайдиган қонунни бузишди. Айнан шунинг учун жазоланишди», деди вилоят прокурори. У Хуросон тумани прокурори Саиджон Сафаров маҳаллий яшовчиларнинг норозилик акциясидан кейиноқ мансабидан озод этилгани борасидаги хабарни рад этди. «Сафаров бошқа ишга ўтказилди, бу норозилик билан боғлиқ эмас», қайд этади Рахимзода.

Айни вақтда, устиларидан жиноий иш қўзғатилган хуросонликларнинг тақдири номаълум бўлиб турибди. Ўтган ойда Тожикистон Бош прокуратураси расмийларнинг ҳаракатсизлигига қарши норозилик акциясига чиққани учун Хуросон туманининг олти нафар турғунига нисбатан жиноий иш қўзғади. Озодлик радиосининг Хатлон вилояти администрациясидаги манбасининг 8 июнь куни хабар қилишича, 4 нафар айбланувчи қамоққа олинган, икки нафари ҳеч қаерга кетиб қолмаслик шарти билан озодликда қолмоқда. Уларнинг барчасига оммавий нороизиликка чақириқ ва жамоат тартибини бузиш айбловлари қўйилмоқда. Жиноий иш, манбага кўра, Тожикистон Бош прокуратураси терговчилари томонидан тергов қилинмоқда. Озодлик радиосининг аниқлашича, Махмадкарим Хасанов, Махмадражаб Холов, шунингдек, ака-ука Хусайн ва Кароматулло Ҳусейновлар тергов изоляторида. Уларнинг бари — Неъматулло Асадулло қишлоғининг яшовчилари.
Кучли сел Хуросонга 14 май куни кечқурун келди. Оқибатда икки нафар маҳаллий яшовчи ҳалок бўлди. Фавқулодда вазиятлар бўйича туман бўлимининг расмий маълумотларига кўра, 10 га яқин уй буткул вайрон бўлган. Бироқ маҳаллий аҳолининг ишонтиришича, сел вайрон қилган ва шикастлаган қишлоқдаги уйлар бундан кўпроқ. Уйлари сувга тўлган яшовчилар палаткаларда яшамоқда. Бундан ташқари, бу иккита қишлоқ кенгашида 50 бошдан ортиқ қорамол ўлган, қуюқ лойқа остида бир неча машиналар қолиб кетган.

Бохтар-Душанбе трассаси ёпилгач, Хуросон туманининг Чорбоғ қишлоғида сув тошқинидан жабр кўрган аҳоли учун 60 дан зиёд уйлар қурилиши бошланди. Маълум бўлишича, совуқ кунларгача одамларни муваққат палаткалардан янги уйларга кўчиришга улгуриш учун хашарга ҳар куни ўқитувчилар ва бошқа давлат идоралари ишчилари қўшилмоқда. Аҳолининг айтишича, агар улар ўз муаммоларига эътибор қаратмаганларида ва норозилик акцияси уюштиришмаганида, у ҳолда “эҳтимол қуруқ қўл билан қолишлари ва ҳеч нарса жойидан сижимаган бўларди”.

XS
SM
MD
LG