Ссылки доступа

Тожикистонда юзлаб аптекачиларга нисбатан иш қўзғатилди


Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Тожикистонга дори келтирадиган дорихоналар ва ташкилотларнинг юзлаб холимларига нисбатан иш қўзғатди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Тожикистонга доривор маҳсулотларни импорт қиладиган апттека ва ташкилотларнинг юзлаб ходимларига мамлакатда COVID-19 тарқалиши бошланганидан кейин дорилар нархини чайқовчиларча ошириб олгани учун маъмурий ва жиноий ишлар қўзғатишди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги апрел охирида мамлакатда коронавирус мавжудлигини тан олди ва бунинг ортидан айрим дорилар нархи аптекаларда кескин ошиб кетди. Аҳоли одатда гриппни ва шамоллаш касалликларини даволаш учун фойдаланадиган дорилар нархи ҳам сезиларли қимматлади.

Бозор нархларини назорат қилиш масалалари билан шуғулланувчи Тожикистон Антимонопол хизмати айрим дорилар нархи, масалан, антивирус препаратлари ўша вақтда ўн баробар қимматлаганини хабар қилди. Ушбу хизмат раҳбари Абдумажид Муъминзод 15 июлдаги матбуот анжууманида айтганидек, улар томонидан 50 дан зиёд дорихона нархни асоссиз ошириб олгани учун умумий суммаси 100 минг сомонийдан кўпроқ (10 минг доллар атрофида) жаримага тортилган.

«Нархлар динамикаси таҳлилини ҳисобга олиб Антимонопол хизмати таклифига кўра, дори-дармон ва тиббий анжомлар нархи давлат томонидан бошқариладиган ижтимоий аҳамиятли товар ва хизматлар рўйхатига киритилган», - деди у.

Антимонопол хизмати бир ой мобайнида “қийматини асоссиз” 20 фоиз ва ундан юқори оширилганлик аломатлари пайдо бўлган тақдирдагина аралашиш ҳуқуқига эга. Ҳукумат қарорига мувофиқ, бу идора у ёки бу маҳсулот ёки товар нархининг энг баланд меъёрини белгилаши мумкин. Бироқ амалдорларнинг таъкидлашича, айрим дорилар нархи 20 фоизга эмас, бир неча баробарга ўсган. Мамлакат бош рокурори Юсуф Рахмон матбуот анжумани чоғида Тожикистонда коронавирус пайдо бўлган вақтда виждонсиз аптекачиларга қарши юзлаб маъмурий ва жиноий ишлар қўзғатилганини айтди.

У шундай мисол келтирди: «Масалан бир дори нархи пандемиягача 70 сомоний турган бўлса, коронавирус пайдо бўлиши билан 600-700 сомонийдан сота бошлашди. Дорихоналарнинг 478 нафар ходимларига биз томонимиздан интизомий, 2190 та маъмурий ва 130 та жиноий иш қўзғатилди».

Дорихоналар ходимларининг айтишича, уларни шунчаки дорилар нархини оширишда айблаш адолатдан эмас, чунки айни пайтда дори нархи ҳамма ерда, етказиб берувчидан тортиб, фармацевтик маҳсулотнинг импортчиларигача ошган, расмийларнинг айнан ўзлари ваҳима уйғотиб, одамларни дорихоналарга ошиқишга ва ҳаммасини бирданига сотиб олишга мажбур қилишди.

Расмийлар ҳам аҳолининг ўзи “нарх ошишига” қисман сабабчи эканини айтмоқда. Мазкур соҳага масъул бўлган шахснинг сўзларига кўра, айримлар барча дориларни, керакли ва кераксизини қаторасига сотиб олишга киришиб кетди. Антимонопол хизмати бошлиғининг ўринбосари Дилшод Музаффарзода шундай дейди: «Дори нархи осмонга ўралаганига қарамай, биз ҳеч қандай шикоят олмадик. Биз ўзимиз рейдлар ташкил этдик, ҳамма ерда бир хил манзарани кузатдик: одамлар дорини рецептсиз олишар, ҳеч ким улардан дори сотиб олгандан кейин чекини талаб қилмасди».

Расмийлар баёнотига кўра, Тожикистонда коронавирусга чалинган 6878 киши рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 57 нафари вафот этган.

XS
SM
MD
LG