Ссылки доступа

Туркманистонда зотилжам: Тиббий ходимлар ўликларни моргга ташишга аранг улгурмоқда


Ашхабодда тобора кўпроқ коронавирус аломатлари бўлган беморлар касалхонага тушмоқда. Уларнинг барчасига зотилжам ташхиси қўйилмоқда.

Туркманистондаги Озодлик мухбирларининг ва исми сир сақланиш шарти билан суҳбатда бўлган маҳаллий турғунларнинг сўзларига кўра, пойтахт касалхоналарида ҳар куни ўнлаб одамлар қурбон бўлмоқда. Туркман расмийлари коронавирус ва пневмония мавжудлигини тан олмаяпти.

1 шаҳар касалхонасидаги вазиятга гувоҳ бўлган ашхабодлик кишининг ҳикоя қилишича, Коши посёлкасида жойлашган мазкур муассаса беморлар билан тўлган ва у ерда вазият жуда оғир.

«У ерга COVID-19 билан оғриганларни келтиришмоқда. Касалхона беморлар билан тўлган. Келаётганларнинг барчасига зотилжам ташхиси қўйилмоқда. Бу эски касалхона бўлишига қарамай, у йирик муассаса ҳисобланади», ҳикоя қилади яқинда бу шифохонада даволанган пойтахтлик киши.

Унинг иддао қилишича, мазкур касалхонада ҳар куни ўнлаб одамлар вафот этади ва тиббий ходимлар марҳумларни ўликхонага ташишга аранг улгуради. «Интенсив муолажа бўлимида ҳар куни ўртача 50 киши вафот этади. Шифохоанага келиб тушаётган ва ўлаётган беморлар сони кишини даҳшатга солади. Реанимацияда ўлганлар жасадини ўликхонага ташишга аранг улгуришади», ҳикоя қилади Озодлик суҳбатдоши.
Айни вақтда хабар қилинишича, Ашхабоднинг Темир йўл касалхонасида давлат тузилмалари вақтида таъминлай олмаётгани сабабли вафот этган беморларнинг жасадини жойлаштиришга пластик қоплар етишмайди.

«Якшанба куни врачлар пластик қоплар тугагани ҳақида огоҳлантиришди. Раҳбарият эса ўлганлар жасади учун пакетлар вақтида етказиб берилишига ваъда қилди. Ҳозир жасадни хлор билан ишланган матога ўрашмоқда. Қариндошларни эса ҳеч қачон ўрамни очмаслик ва жасадни шундай ҳолда кўмиш ҳақида огоҳлантирмоқда», ҳикоя қилади мухбиримиз 20 июль куни.

Озодлик радиоси 1 шаҳар касалхонасидан ва Темир йўл шифохонасидан, шунингдек, Ашхабод шаҳар бошқармасидан изоҳ олишга муваффақ бўлолмади.

Ашхабоддаги Озодлик мухбирларидан бирининг хабар беришича, Гаудан «В» микротуманида 19 июл куни коронавирусдан қария аёл вафот этди. Хавфсизлик нуқтаи назаридан Озодлик радиоси марҳум аёлнинг шахсини очиқламаяпти.

Шу билан бирга пойтахтдаги яна бир Озодлик мухбири ҳозирги вақтда унинг камида 20 нафар таниши Ашхабоднинг турли шифохоналарида коронавирус аломатлари билан ётганлигини гапиради.

COVID-19 бўйича ЖССТнинг миссияси Туркманистонда 10 бўлиб, мамлакатда коронавирус борлигини на тасдиқлади, на рад этди, бироқ ҳукуматга мамлакатда коронавирус худди бордек ҳаракатланишни тавсия этди.

XS
SM
MD
LG