Ссылки доступа

Биринчи ярим йилликда ташқи савдо айланмаси 3,5 млрд долларга камайди


Жорий йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 15 миллиард 855 миллион 800 минг АҚШ долларини ташкил этган. Бу эса 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 3 миллиард 528 миллион долларга ёки 18,2 фоизга камдир.

Давлат статистика қўмитаси келтирган рақамларга мувофиқ, биринчи ярим йилликда ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 6 миллиард 285 миллион 400 минг АҚШ долларига (22,6 фоизга кам) ва импорт ҳажми эса 9 миллиард 570 миллион 400 минг АҚШ долларига (15 фоизга кам) етган. Ҳисобот даврида 3 миллиард 285 миллион АҚШ доллари қийматида пассив ташқи савдо баланси қайд этилган.

Ташқи савдо айланмасининг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой Халқ Республикаси (18,1 фоиз) ва Россия Федерациясига (16,3 фоиз) тўғри келган. Шунингдек, ТСА бўйича Ўзбекистон Қозоғистон (8,4 фоиз), Корея Республикаси (7,1 фоиз), Туркия (5,6 фоиз), Қирғизистон (2,5 фоиз) ва Германия (2,1 фоиз) билан ҳам яхши ҳамкорликни йўлга қўйган. Умуман олганда эса, Давстатқўм маълумотига кўра, Ўзбекистон жаҳоннинг 150 дан ортиқ мамлакати билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда.

XS
SM
MD
LG