Ссылки доступа

Тожикистонда айрим олий ўқув юртлари ва хусусий мактабларда таълим нархи ошмоқда


Янги ўқув йилида Тожикистондаги айрим ОТМ ва хусусий мактабларнинг шартнома бўлинмаларида ўқиш қиймати кўтарилади.

Тожикистон антимонопол хизмати раҳбари Абдумажид Муминзод олдинроқ матбуот анжуманида айтишича, университетлар ўқиш учун жорий тўловни етарли эмас, деб ҳисоблайди ва уни 40 фоизга кўтармоқчи. Мавжуд тартибга мувофиқ, ОТМдаги таълим қиймати унинг хизматларига бўлган эҳтиёж ва ўқиш таннархидан келиб чиқади.

Ўқиш нархининг оширилиши эҳтимоли ҳақида Муминзод гапиради: «Ўқиш учун тўлов қисмида ҳукуматнинг 210 рақамли қарори бўлиб, унда таълим нархини белгилашда қандай мезонлар асос қилиб олиниши кераклиги айтилади. Бу ерга барча жорий ва билвосита харажатлар, ўқитувчиларнинг маошидан тортиб ОТМ биноси харажатларига бўлган чиқимлар киради. Агар айрим олий ўқув юртлари давлат бюджетидан 50 фоизгача дотация олса, бошқалари ўз харажатларининг 70 фоизини ўқиш учун тўланган пул ҳисобига қоплайди. Шунинг учун вазиятни таҳлил қилиш асносида биз ўқиш тўловини давлат бюджетидан молиялаштириладиган ОТМ да кўтардик, шунда ҳам атиги 5 фоизга».
Антимонопол хизмати раҳбарининг айтишича, бирорта ҳам ўқув юрти таҳсил олишга шартнома имзолаб бўлган талабалар учун ўқиш нархини асоссиз кўтаришга ҳақли эмас. Тожикистон таълим тизими давлат бюджетидан етарли маблағ орттиролмайди ҳамда ўрта ва олий ўқув юртларининг ўқитувчилари маоши нормал ҳаёт кечириш учун етарли эмас. Душанбедаги ОТМ ўқитувчиларидан бирининг айтишича, ҳукумат ва ҳокимият ОТМдаги ўқиш нархини бежизга оширмайди, чунки бозорлардаги нархлар ҳам йилдан йилга кўтарилиб бораётганини яхши билади.

Тожикистонда аҳолининг тахминан 30 фоизи қашшоқ ва фарзандлари пуллик асосда ўқийдиган оилалар контракт нархининг кўтарилиши уларнинг чўнтакларига зиён етказишидан ташвишдалар.
Дилшод Тожикистондаги иқтисодий йўналишидаги ОТМнинг тўртинчи курсида шартнома асосида таҳсил олади. Унинг йиллик ўқиши қиймати 5 минг сомоний (500 доллар) дан кўпроқни ташкил этади. Россияда тирикчилик илинжида кун кўраётган унинг акалари пулдан ёрдам қилишади. Дилшоднинг 20 июль куни Озодлик радиоси билан суҳбатда айтишича, у отасиз ўсди, онаси ишсиз, оила фақат акаларининг пул ўтказмалари ҳисобига кун кўради.

«Бу йили акаларим пандемия туфайли етарлича пул тополмади, энди ўқишимга қандай пул тўлашни билмай турибман. Агар тўсатдан ўқиш нархи ҳатто 1 фоизга қимматласа ҳам, бу оиламиз гарданига оғир юк бўлиб тушади.», - дейди талаба.

Бошқа кўплаб оилалар ҳам пулдан қийинчиликни ҳис қилмоқда, аммо айрим ОТМ ўқиш нархини 10 фоизга ошириш аҳдида қатъий турибди.
Ўқиётганлар қариндошларининг айтишича, айрим хусусий мактабларда ҳам нархни оширишган. Душанбелик Мавлуда Каримованинг ўғли Абдураҳмон Жомий номидаги хусусий мактабда таҳсил олади. Унинг айтишича, мактаб маъмурияти июнь ўрталарида барча ота-оналарни ўқиш нархи оширилишидан огоҳлантирган: «Олдин йилига 12500 сомонийдан тўлардик, энди йилига 14500 сомонийдан тўлашимиз керак. Ўқиш пулининг ярмини сентябрда тўлашитмиз зарур».

Фан ва таълим вазирлигидан бизга айтишларича, ҳозирги вақтгача бирорта ҳам ОТМ уларга шартнома асосидаги таълим нархини ошириш илтимоси билан мурожаат қилмаган. Шу соҳадаги экспертлар Тожикистон ОТМдаги пулли таълим нархи мамлакатдаги иш ҳақи даражаси билан солиштирганда жуда баланд ва шунинг учун аксинча, нарх 40 фоизга пасайтирилиши кераклигини айтишмоқда.

Тожикистондаги ОТМ да ўқиш қиймати 2 мингдан 18 минг сомонийгача ёки 200 дан 2000 долларгача тебраниб туради. Мамлакатнинг қирқта ОТМда 200 мингдан зиёд талаба таҳсил олади, уларнинг таълим нархи ҳар йили 10 фоизгача кўтарилиб боради.

Миллий тест маркази расмий маълумотларига мувофиқ, абитуриентлар учун тақдим этилган 87 минг ўриннинг атиги 19 мингги бюджет асосида тақдим этилади. Мамлакат олий ўқув юртларида талабаларнинг 75 фоизи шартнома асосида ўқийди.

XS
SM
MD
LG