Ссылки доступа

Қўқон ҳокими бюджет ходимлари ва тадбиркорларга карантин постидагиларни боқишни буюрди


Қўқондаги банклар¸ бюджет ташкилотлари ва тадбиркорларга шаҳар ҳокимлиги муҳри ва шаҳар ҳокимининг 1-ўринбосари имзоси билан юборилган “рўйхат”га кўра¸ бу ташкилотлар шаҳарда ташкил этилган блок постларда турганларни 20 кун давомида тушлик ва кечки овқат билан таъминлаши шарт.

Озодликка нусхаси келган бу рўйхатда ҳар бирида 15 нафаргача мулозим турадиган очиқ постларга кунига икки маҳал овқат юбориш асосан банклар ва тадбиркорлик субъектларига юклатилган.

Тўрттача назоратчи қўйилган ëпиқ постдагиларни 10 июлдан 1 августгача овқатлантириш эса шаҳар Маданият¸ Экология¸ Халқ таълими ва Спорт бўлими каби бюджетдан ойлик олувчи тизим раҳбарларига буюрилган.

Карантин постидагиларни ҳар куни ўз чўнтагидан пул йиғиб боқаëтган қўқонликлик мулозимлардан айримлари ноқонуний “ҳомийлик”ка ҳужжат орқали мажбурлашни ҳуқуқий бош-бошдоқлик намунаси дея талқин қилди.

Беш саҳифалик бу рўйхатда Қўқон шаҳрида фаолият юрғизаëтган банклар¸ аксар бюджет ташкилотлари¸ завод-фабрикалар¸ хусусий тадбиркорлик корхоналари раҳбарлари номлари ва мобил телефонлари ëзилган.

Рўйхатда очиқ блок постларда хизмат қилаëтганларни кунига икки маҳал овқат билан таъминлашга масъул ташкилотларнинг айнан қайси куни қайси постга овқат етказиб бериши ҳам белгиланган.

“Катта блок постларда саккизтадан 14 тагача одам турипти. Булар¸ ИИБ¸ Миллий гвардия¸ СЭС ва улар ишини назорат қилаëтган ҳокимлик вакиллари. Бизнинг банк ҳар уч кунда ана шу постларга икки маҳал ош¸ шашлик олиб бориб бериши керак. Ҳозир ресторан¸ кафелар ëпилган. Доставка хизмати орқали буюриб¸ етказиб бераяпмиз. Бир кунлик харажат 250-300 минг сўм бўлаяпти. Майли¸ халқ саломатлиги учун оëқда турибди шулар¸ деб ихтиëрий равишда бир марта овқат юбориш мумкиндир. Лекин ҳар уч кунда ходимлардан пул йиғиб¸ ўзимиз ва болаларимиз емайдиган овқатларни хизмат вазифасини бажараëтганларга етказиб бериш¸ бу ноқонуний ва мажбурий ўлпон йиғишга киради. Ҳокимлик бошлиққа¸ бошлиқ эса¸ ходимларга ташлаяпти. Бунақа харажат ойлигимизнинг камида тўрттадн бирини еб қўйса¸ биз ўз оиламизни қандай боқамиз ҳозирги вазиятда”¸ деди қўқонлик мулозимлардан бири.

Карантин постидагиларни 20 кун боқишга мажбурланган ташкилот мулозимларидан яна бири¸ Қўқон шаҳар ҳокимлигининг давлат ва нодавлат тизимларига очиқчасига ўлпон солишини “мисли кўрилмаган сурбетлик” деб атади.

“Шу пайтгача ҳам ҳокимлар ҳар хил тадбирларга пул ўтказиш¸ пул йиғиб беришга мажбурлаб келган. Лекин бу оғзаки қилинарди. Бу гал тап тортмай давлат муҳрини қўйиб¸ ҳокимлик тасарруфига кирмайдиган ташкилот ва хусусий тадбиркорларни очиқчасига мажбурлаяпти. Қўқон ҳокими ўзини Қўқон хони деб ўйлаб¸ Ўзбекистон қонунларига жилла қурса қоғозда амал қилишниям ўзига кўп кўрди¸ шекилли”.

Ҳокимлик юборган расмий рўйхатнинг сўнгги саҳифасида 10 июлдан 1 августга қадар карантин туфайли шаҳарда ўрнатилган ëпиқ блок постдагиларга бириктирилган ташкилотлар ëзилган.

Ҳаммаси бюджетдан ойлик оладиган Халқ таълими¸ Маданият¸ Спорт¸ Экология¸ Статистика бўлимлари¸ ҳатто Ëшлар келажагимиз жамғармасининг ҳар бирига биттадан пост бириктирилган ва у ердаги хизматчиларни 20 кун давомида узлуксиз икки маҳал овқат билан таъминлаш буюрилган.

Ҳужжатга имзо чеккан Қўқон шаҳар ҳокимининг 1-ўринбосари Н.Мирзаев ҳокимликнинг ўз тасарруфига кирмайдиган давлат ва нодавлат ташкилотларини хизмат вазифасини бажараëтган бошқа тизим ходимларини боқишга мажбурлашнинг қайси асосда қилинаëтганига жавоб беришга қийналди.

- Постларни белгиладик¸ постда ҳар хил ташкилот бор. СЭС бор¸ соғлиқни сақлаш¸ ҳамма бор. Энди буларнинг турганига ҳомийлик қилиб¸ озиқ-овқатларини таъминлаб бердикда. Тўғри¸ ҳомийлик ихтиëрий бўлади¸ буйруқ билан қилинмайди. Бу ҳам ихтиëрий.

Қўқон шаҳар ҳокими муҳри билан тасдиқланган рўйхатда ихтиëрийлик йўқлиги¸ рўйхатга киритилган ҳар бир ташкилот ўз ходимларидан пул йиғиб¸ ҳокимлик буйруғини бажаришга мажбурланаëтгани ҳақидаги эътирозларни эшитган Мирзаев:

- Асосимиз¸ комиссиянинг қарори бор. Постларни бошқариб турадиган эгалари бор. Постда турганлар постдан кетолмайди. Асосий масала хавфсизлик. Карантин қоидасини сақлаб қолиш учун постдаги масъулларимиз жойидан кетиб қолмаслиги учун ташкил қилдик уларнинг овқатини¸ деди.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сонининг кескин ошиб бориши ортидан ҳукумат бутун мамлакат бўйлаб 10 июлдан 1 августга қадар карантин қоидаларини кучайтиришга қарор қилди.

Шу муносабат билан катта-кичик шаҳарларга кириб-чиқиш йўлларига блок постлар ўрнатилди¸ ИИБ¸ Миллий гвардия ва соғлиқни сақлаш тизими ходимлари карантин қоидаларининг назоратчиси этиб белгиланди.

Озодликка келаëтган хабар¸ сурат ва видеоларда бундай блок-постларнинг айрим ҳудудларда номигагина қўйилгани¸ жиддий санитария назорати йўқлиги¸ постда турганларнинг пора эвазига текширмасдан ўтказиб юбораëтгани акс этган.

XS
SM
MD
LG