Ссылки доступа

Еврокомиссия Тожикистонга коронавирусга қарши кураш учун 112,2 млн евро ажратди


Коронавирус авж олишига ўзининг глобал муносабати доирасида Европа комиссияси Тожикистонга 112,2 миллион евро ажратилиши ҳақида эълон қилди.

Мазкур маблағ соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий хизматларни мустаҳкамлаш, шунингдек, COVID-19 га қарши кураш ишига сарфланади.

"Коронавирус пандемияси бизга ва бизнинг шерикларимизга, фуқаролар ва иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатишда давом этмоқда. Европа Иттифоқи коронавирус таҳдидига қарши курашда дастаклаш, соғлиқни сақлашнинг узоқ муддатли эҳтиёжини, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжини қондириш учун Тожикистонга 112,2 млн евро миқдорида ёрдам ажратмоқда. Тожикистон ўзининг тиббий хизмат соҳасини яхшилаб олиши, ёш тожикистонликлар эса сифатли таълимга, ҳатто кейинчалик ишга жойлашиш имконига эга бўлишлари мумкин", деди 22 июл куни ЕИнинг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Ютта Урпилайнен.

Еврокомиссиянинг хабар беришича, пакет соғлиқни сақлашни ривожлантириш Дастури (52,2 млн. евро), сифатли таълимни қўллаб-қувватлаш II (50 млн. евро) ва фуқаролик ҳолати актларини рўйхатга олиш тизимида ислоҳотларни дастаклаш Дастури (10 млн. евро) дан иборат. «Дастлабки иккита дастур бевосита пандемияга қарши фавқулодда чораларни қўллаб-қувватлашга, шунингдек, унинг салбий ижтимоий-иқтисодий оқибатларини юмшатиш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга қаратилган унсурларни қамраб олади», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 7 апрель куни Европа Иттифоқи шерик мамлакатларнинг COVID-19 пандемиясига қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга фаол ва мақсадли жавоб чоралари тўғрисидаги глобал режасини эълон қилди. Хабар берилишича, ушбу режа доирасида ЕИ Тожикистонга мамлакатнинг пандемиянинг салбий оқибатларини бартараф этишга тайёрлигини ошириш, соғлиқни сақлаш хизмати, таълим узлуксизлигини, сув таъминоти тизими ва санитария аҳволини яхшилаш ва пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини юмшатиш мақсадида 48 миллион евро ажратди.

XS
SM
MD
LG