Ссылки доступа

Жаҳон банки: яна 800 минг қозоғистонлик қашшоқлик қаршисида қолади


Коронавирус пандемияси саҳнида Қозоғистондаги ишбилармонлик фаоллиги сезиларли секинлашди.

Мамлакат иқтисодиёти 1990 йилларнинг охиридан бери биринчи марта уч фоиздан кўпроққа қисқариши мумкин, деб ҳисоблайди Жаҳон банки экспертлари. 22 июль куни тақдим этилган маърузасида халқаро институт қозоқ иқтисодиётининг 2021 йилдаги мўътадил тикланишини 2,5 фоиз даражасида деб тахмин қилмоқда.

Жаҳон банкининг ҳисоблашича, инқироз қашшоқлик даражасининг ўсишига таъсир кўрсатиб, Қозоғистонда тенгсизликнинг ортишига таъсир кўрсатади. Дастлабки баҳолашга кўра, қашшоқлик даражаси 2020 йилда башорат қилинган 8,3 фоиздан 12,7 фоизгача ўсиши мумкин. Бу банк экспертлари таъкидлаётганидек, қўшимча 800 минг киши қашшоқлик остонасида қолишига олиб келади.

Маъруза муаллифларининг тахмин қилишича, ҳам пандемия, ҳам унинг тарқалишига қарши чоралар Қозоғистон меҳнат бозори учун шокка айланади, бу бандлик учун айниқса, паст малакали ходимлар меҳнатидан фойдаланиладиган тармоқларда оғир оқибатлар келтириб чиқаради.

Агар жорий йилнинг биринчи чорагида Қозоғистон ЯИМ 2,3 фоиз даражасида сезиларли бўлмаган ўсишни намойиш этган бўлса, аммо кейинги ойларда, мамлакатда коронавирус инфекцияси тарқалгач, вазият ёмонлашди, хомашё маҳсулотлар нархининг тушиши, савдо ҳажмининг қисқариши, COVID-19 тарқалишининг олдини олиш бўйича чораларнинг таъсири бунинг асосий сабаби. Сармоялар оқими секинлашди, коронавирус пандемияси ва жорий этилган карантин туфайли аҳолининг истеъмолчилик ишончи пасаймоқда, етказмалардаги узилиш ва валюта девалвацияси инфляциянинг Миллий банкнинг мақсадли диапазонидаги олий чегаралардан юқори ўсиш билан якун топди.

«Расмийлар COVID-19 пандемиясини тўхтатиш учун олдини олувчи чоралар қабул қилишди, тўпланган бюджет заҳиралари эса ҳукуматга коронавируснинг иқтисодиётга таъсирини юматиш бўйича чоралар пакетини киритишга имкон берди, — дейди Самсу Рахаржа, Жаҳон банкининг Қозоғистондаги идорасининг катта иқтисодчиси. — Аммо заиф талаб ва нефт нархининг арзонлашуви, шунингдек, пандемиянинг чўзилиши иқтисодий истиқболлар учун жиддий рисклар туғдиради. Афтидан, расмийларнинг қашшоқларга ва аҳолининг кам таъминланган қисмига, қўшимча ёрдам тақдим этиш, ишлаб чиқариш активларини ҳимоя қилиш ва иқтисодиётни қайта тиклашни қўллаб-қувватлашни тезлаштириш учун мавжуд ресурслардан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ».

Пандемия Қозоғистонда инсон капиталининг ривожига салбий таъсир кўрсатади, дейди банкдагилар. Айниқса, карантин даврида сифатли таълим олишга тенг имконият бўлмаслиги аҳолининг кам таъминланган қисми инсон капиталини ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатади. Мактабларнинг карантинга ёпилиши ўқув йилининг учдан бир қисмидан кўпроқ миқдорда таълим олишни йўққа чиқаради, бундай таъсир ўқиётганларнинг таълим ютуқларини баҳолаш бўйича Халқаро дастур (PISA) даги рейтингига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Жаҳон банки маърузасида яна қайд этилишича, талабнинг камайиши ва нефт нархининг пасайиши шароитида иқтисодиётнинг тикланишига «давлат бошқаруви ва хизматлар самарадорлигини ошириш», самарали давлат дастурлари фойдасига бюджет ресурсларини қайта кўриб чиқиш ва қайта тақсимлаш имкон бериши мумкин.

Коронавирус инфекцияси тарқалишининг биринчи ҳолатлари Қозоғистонда март ўртасида қайд этилди. Бугунга келиб инфекцияга чалинганлар, соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 75 мингдан ошиб кетди. Беморларнинг реал сони юқори. Ҳукумат 1 августдан коронавирус статистикасига ёз бошидан авж олган зотилжам касалларини қўшишга ваъда берди.

XS
SM
MD
LG