Ссылки доступа

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Россияга мунтазам қатновни сентябрь ойидан тиклайди


“Ўзбекистон ҳаво йўллари” (Uzbekistan Airways) миллий авиаширкати Тошкентдан Россия шаҳарларига мунтазам рейсларни 2020 йил 1 сентябридан тиклайди.

Авиаширкатнинг Россиядаги йўловчи ва юк ташиш бўйича бош агенти бўлмиш “АэроТур” ширкати сайтида маълум қилинишича, айни пайтда 30 сентябргача бўлган жадвал ҳозирланган.

Куз мавсуми бошидан Тошкент билан Россиянинг беш шаҳри – Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск, Қозон ва Владивосток ўртасида авиаалоқа тикланади. Тошкент билан Москва ўртасида парвозлар сешанбадан бошқа ҳар куни амалга оширилади. Санкт-Петербургга Uzbekistan Airways учоқлари сешанба ва жума кунлари, бошқа шаҳарларга эса ҳафтасига бир марта (Қозонга сешанба, Новосибирскка душанба, Владивостокка шанба кунлари) учади.

Чипталарни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиаширкати сайтидан онлайн тарзда харид қилса бўлади. Дейлик, Тошкентдан Москвага эконом-класс билан 1 сентябрь куни учиш 383 долларга, шу куни Санкт-Петербургга учиш эса 387,2 долларга тушиши мумкин.

Ўзбекистонда шу йил март ойи ўрталарида коронавирусга чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилгани ортидан мамлакат расмийлари чегараларни ёпиб, халқаро авиақатновларни бекор қилганди. Ўтган вақт оралиғида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” учоқлари хорижга фақат у ёқдаги фуқароларни ватанга қайтариш учун чартер рейслари билангина учган, холос.

XS
SM
MD
LG