Бир неча эркак марказий Афғонистондаги қишлоқлардан бирида ғиштли уй эшигини тақиллатишади. Бу тунги бирларда содир бўлган.
Чўчиб кетган 15 ёшли Қамар Гул кроватдан сакраб тушиб укасини қучоқлаб олади. Қўшни хонада уйғониб кетган ота-онаси эшикка эҳтиёткорона келишади. Унинг ортида толиблар туришарди.
Жангарилар Қамар Гулнинг отаси ва онасидан эшикни очишни талаб қилади. Улар бош тортишади. Бир неча дақиқадан кейин қуролланган одамлар уйга ёриб киради.
"Улар онамни кўчага судраб чиқиб, уни отиб ўлдиришди. Кейин отамни ҳам кўчага судраб олиб чиқиб уни ҳам отиб ташлашди", — деди Гул Озодликнинг афғон таҳририяти билан телефон суҳбатида.
Ота-онасини қатл этаётган пайтларида Гул Калашников АК-47 автоматини қўлга олади. Жангарилар яна уйга киришга уринган пайтда Гул уларга қарата ўқ узади, икки нафар толиблар жон беради, бошқасини яралайди.
«Улардан иккитасини ўлдиришга муваффақ бўлдим», — дер экан Гул, етиб келган ҳукуматпараст аскарлар қолган жангариларни таъқиб этишганин қўшимча қилди.
"Мен “Толибон” жангариларини ўлдирганимдан фахрланаман. Мен ота-онам қотилларини ўлдирдим. Мен толиблар билан сўнгги қоним қолгунча курашаман", — деди провинция ҳукумати томонидан 12 ёшли укаси билан хавфсиз жойга кўчирилган Гул.