Ссылки доступа

МБ асосий ставкани йиллик 15 фоиз даражасида сақлаб қолди


Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 15 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолишга қарор қилди.

МБ маълумотига кўра, ушбу қарор иқтисодиётда бир вақтнинг ўзида инфляцияни оширувчи хатарлар ва пасайтирувчи омилларнинг мавжудлиги шароитида ижобий реал фоиз ставкаларни таъминлашга қаратилган пул-кредит сиёсати жорий йўналишини сақлаб қолиш мақсадида қабул қилинган.

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича сўнгги йиғилиши 11 июнь куни ўтказилган, ўшанда ҳам асосий ставкани йиллик 15 фоиз даражасида сақлаб қолиш қарорига келинганди.

МБ пандемия шароитида бюджет харажатларининг ортиши ва фискал рағбатлантириш иқтисодий жараёнлар ва фаолликни қўллаб-қувватлашнинг асосий омилларидан бўлганини билдирган.

“Фоиз ставкалари карантин даврига қарамасдан I ярим йиллик якунлари бўйича ижобий иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига эришиш учун шароит яратди. Жорий йилнинг июнь-июль ойларида нархларнинг нисбатан секинроқ пасайиши ва инфляция прогнозидан бироз оғиши кузатилди”, дейилади Марказий банк хабарномасида.

Бунда асосий ставкани пасайтириш имкониятларини кўриб чиқиш масаласи кейинги бошқарув йиғилишларига қолдирилган ва инфляция пасайиш динамикасининг барқарор даражада шаклланишидан келиб чиқилади.

Марказий банк йил якуни бўйича инфляция прогнозини 11-12,5 фоиз даражасида ўзгартиришсиз сақлаб қолган ва Ҳукумат билан биргаликда унга эришиш учун барча зарурий чораларни кўриб боради.

МБ бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича кейинги оралиқ мажлиси 2020 йилнинг 10 сентябрь кунига режалаштирилган.

XS
SM
MD
LG