Узоқ мунозаралар ва маслаҳатлашувлардан сўнг Тожикистон ва Россия расмийлари меҳнат муҳожирларига пенсия тўлаш масаласига нуқта қўйдилар, аммо коронавирус пандемияси тегишли келишув имзоланишини чўзиб юборди.
Кутилишича, келишув имзоланганидан кейин Россияда ижтимоий солиқ тўлайдиган ҳар бир меҳнат муҳожири пенсияга умид қилса бўлади. Миграция бўйича экспертларнинг айтишича, агар уни амалга ошириш механизми керакли тартибда йўлга қўйилса, бу масала юзасидан ҳужжат имзоланиши Тожикистон манфаатларига жавоб беради.
Олдинроқ тожик томони таъкидлаганидек, мигрантлар Россияда йиллар мобайнида ишлар эканми, у ерда солиқ тўлар эканми, демакки, бу мамлакат ўзига масала ечимини олиши ёки тожик расмийлари бу маблағни ортга олиб уни пенсия ёшига етган мигрантларга пенсия тариқасида тўлаши керак.
Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги пенсия ва ижтимоий суғурта Агентлиги раҳбари Дилмурод Давлатзода 21 июл куни матбуот анжуманида Озодлик радиосининг саволига шундай жавоб қайтарди: «Россия тожик меҳнат муҳожирларига пенсия тўлашга рози. Пенсия тайинлашда фуқароларимиз Тожикистонда қандай имтиёзларга эга бўлса, Россияда ҳам шундай. Яъни меҳнат мигрантлари Россияда ишлаб ижтимоий солиқ тўлашар экан, у ерда пенсия олиш ҳуқуқига ҳам эга. Шу пайтгача бизда мазкур масала бўйича ҳеч қандай аҳдимиз бўлмаган, Россия ҳам масала юзасидан бизнинг таклифларимизни олдин кўриб чиқмаган».
Тожикистон ва Россия ўртасида тожик меҳнат муҳожирларининг пенсион таъминотини изга солиш тўғрисидаги келишув лойиҳаси 2016 йилнинг августида тайёрланган эди. Ўшанда Тожикистон меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазирлиги раҳбарияти икки мамлакат экспертлари мазкур келишувни бажариш механизмларини келишиб олишга интилаётганини баён этган эди. Ҳужжат имзоланган тақдирда Россияда ишлаётган 500 минг тожик мигранти пенсияга умид қилиши мумкинлиги кутилганди. Тожикистон фуқароларининг Россияга меҳнат миграцияси 20 йилдан кўпроқ вақт муқаддам бошланган, пенсия ёшига етган муҳожирлар эса ҳеч қандай ижтимоий ҳимоя ёки пенсия нафақалари олмайди.
Ушбу масала йилларки ҳукумат коридорларида муҳокама қилинди ва мамлакат парламентигача етиб борди. Тожикистон расмийларининг баён қилишича, ким Россияда расман ишласа, пенсия ва ижтимоий суғурта олади. Расмий статистикага кўра, бугунги кунда 220 минг тожикистонликлар Россия пенсиясини олади.
Тожикистоннинг Россиядаги меҳнат қилаётган муҳожирларни пенсия билан таъминлашга қаратилган уриниши Россиядаги кўплаб иш берувчилар хорижлик меҳнат муҳожирларини, шу жумладан, Тожикистон фуқароларини меҳнат шартномасисиз ишга ёллашни афзал кўраётган бир вақтга тўғри келмоқда. Мигрантда бошқа йўл йўқ экан, у иш берувчининг шартини қабул қилишга мажбур. Бундай мигрантлар ёши бўйича пенсиядан маҳрум қилинади.
Мигрантларнинг ўзлари ҳар икки томон мигрантлардан “соғин сигир” сифатида фойдаланишаётгани, аммо уларнинг қарилиги юзасидан қайғуришаётгани йўқ, деб ҳисоблашмоқда.
Тожикистон Фанлар академиясининг иқтисодиёт ва демография институтининг миграция бўлими бошлиғи Анвар Бабаев икки мамлакат ўртасида миграция бўйича имзоланган ҳар қандай келишувни ижобий қабул қилади. Лекин, дейди у, имзолашдан ташқари, уни амалга ошириш механизмларини жиддий қайта ишлаш зарур.
«Келишув имзоланишидан олдин Россия билан уни ижро этиш механизмларини қайта ишлаш керак. Масалан, ҳозир Россияда ишлаётган меҳнат муҳожири тўлаётган барча ижтимоий солиқлар Россияда тўпланмоқда. У иш берувчидан тўланган солиқлар тўғрисидаги расмий маълумотномани олиши ва уни Тожикистондаги пенсия бўлимига топшириши керак. Ушбу келишувни амлга ошириш бўйича бошқа масалалар ҳам такомилига етказилиши лозим, акс ҳолда унинг имзоланиши ҳеч қандай муаммони ҳал қилмайди», - дейди Бабаев.
2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида тожик меҳнат муҳожирлари ватанга 999 миллион доллар пул жўнатишди. Тожикистон иқтисодиёти пул ўтказмаларига боғлиқ дунё мамлакатларидан бири ҳисобланади.