Ссылки доступа

Мирзиёев карантин муддати узайтирилишига розилик берди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев COVID-19 инфекцияси юқтирилишининг олдини олиш, ўлим ҳолатларини кескин камайтириш мақсадида Республика махсус комиссиясининг амалдаги карантин чекловларини узайтириш таклифига розилик билдирган. Бу ҳақда, президент матбуот хизмати маълумотига кўра, давлат раҳбари раислигида 23 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида қайд этилган.

Президентга кўра, бугунги кунда энг муҳим вазифа аҳоли ўртасида вирус занжирини узиш ҳисобланади. Бунинг учун карантин талабларига сўзсиз амал қилиш, уларнинг иммунитетини мустаҳкамлаш, соғлигини асраб-авайлаш, ҳар бир инсоннинг ҳаёти учун курашиш зарур.

Айни пайтда йиғилишда Ўзбекистонда карантин чекловлари қайси кунгача узайтирилишига аниқлик киритилмаган.

Аввалроқ мамлакатда карантин чекловлари 2020 йил 10 июлидан 2020 йил 1 августига қадар узайтирилгани ҳақида хабар қилинган эди.

Пайшанба кунги йиғилишда коронавирусга қарши курашда ўзини аямай меҳнат қилаётган барча тиббиёт ходимлари муносиб тақдирланиши ҳам таъкидланган. Президент хасталикни даволашда нафақат ўзбекистонлик шифокорлар, балки видеоалоқа орқали хориждаги етакчи мутахассислар консультацияга жалб қилинаётганини қайд этган.

“Ҳозирги вақтда германиялик тиббиёт профессори юртимизга келиб, даволаш жараёнларида бевосита иштирок этмоқда. Бугун Туркиядан бир гуруҳ профессорлар етиб келади. Бошқа давлатлардан ҳам энг тажрибали мутахассисларни жалб қилиш бўйича иш олиб боряпмиз”, деган Шавкат Мирзиёев.

XS
SM
MD
LG