Ссылки доступа

Самарқандлик 95 ёшли абитуриент иқтисодиёт йўналиши бўйича таълим олмоқчи


2020/21 ўқув йилида олий таълим муассасасининг бакалавриат таълим йўналишларида таҳсил олиш учун ҳужжат топширганлар орасида 95 ёшли абитуриент ҳам бор.

Бу ҳақда 22 июль куни Давлат тест маркази томонидан ўтказилган матбуот анжуманида билдирилди, дея хабар қилади Кун.уз нашри.

ДТМ директори ўринбосари Сардор Ражабовга кўра, бу йил қабул комиссияси томонидан рўйхатга олиш жараёнида 13 ёшдан 95 ёшгача бўлган абитуриентлар ҳам қайд этилган.

Давлат тест маркази ахборот хизмати раҳбари Орзиқул Бобоев 95 ёшли абитуриент Самарқанд вилоятидан талабгор сифатида қатнашаётгани, у иқтисодиёт йўналишида таълим олиш учун ҳужжат топширганини маълум қилган. 14 ёшга тўлмаган абитуриент эса, О.Бобоевнинг айтишича, Тошкент шаҳридандир.

ДТМ вакилларига кўра, бу йил Ўзбекистон бўйича 91 та олий таълим муассасаcида ўқиш учун 1 миллион 484 минг 85 абитуриент ҳужжат топширган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 417 минг 159 нафарга ёки 39,1 фоизга кўп (2019 йили 1 миллион 66 минг 926 нафар эди).

Ўтган йили ОТМга ҳужжат топширганларнинг энг ёши улуғи Сурхондарё вилояти Ангор туманида яшовчи 78 ёшли Маматқул Бердиалиев бўлган. Ўтган йили ўқишга киролмаган М. Бердиалиев, маълумотларга кўра, бу йил ҳам талаба бўлиш истаги билан Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиалига ҳужжат топширган.

XS
SM
MD
LG