Ссылки доступа

Тожикистон Меҳнат вазирлиги: биз мигрантларни кулфатда қолдирмадик. Мигрантлар бунга қўшилмайди


Тожикистон расмийларининг айтишича, пандемия даврида Россиядаги меҳнат муҳожирларига 12 миллион рубл миқдорида ёрдам кўрсатишган

Бироқ мигрантларнинг ўзлари расмийлар уларни тақдир ҳукмига ташлаб қўйишганини айтишмоқда, гарчи Тожикистон иқтисодиёти мамлакатга хориждан келиб тушадиган пул ўтказмалари ҳажмига тўлиқ боғлиқ бўлсада.

Минглаб тожик мигрантлари пандемия туфайли иши ва тирикчилигидан маҳрум бўлди, юзлаб кишилар COVID-19 ни юқтириб олди, кўплар чегаралар ёпилиши сабабли ўзга юрт ҳудудида қолиб кетди. Россия расмийлари расман эълон қилишича, мамлакатда коронавирус пандемияси даврида 40 фоиз мигрант ишини йўқотди, яна 35% тўланмайдиган таътилга кетишга мажбур бўлди, 51 фоизи “барча даромад манбаси”дан айрилди.

Тожикистон меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазирининг ўринбосари Нурулло Махмадуллозоданинг 23 июль куни Озодлик радиоси билан суҳбатида хабар беришича, коронавирус пандемияси даврида миллий диаспоралар орқали Россиядаги меҳнат муҳожирларига 12 миллион рублдан кўпроқ миқдорда молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатилган. «биз шунингдек, Россиядаги тожик шифокорларини бемор мигрантларни даволаш ва маслаҳат бериш учун жалб этдик», қўшимча қилади амалдор.

Бироқ тожик ҳуқуқ ҳимоячиси Каримжон Ёровнинг иддао қилишича, ёрдамни диаспоралар эмас, балки алоҳида сахий одамлар кўрсатишган. «Шаҳарлардаги диаспоралар ҳеч қандай ёрдам кўрсатишмаган. Уларга ёрдам сўраб мурожаат қилган барча мигрантларни бизга юборишарди. Бир ой ичида бозорлардаги бригадирлар 24 тонна озиқ-овқат маҳсулотини мигрантлар ўртасида тақсимлашди. Менга маълум бўлганидек, фақат “Нур” диаспораси чегаралар ёпилиши туфайли оғир вазиятга тушиб қолган мигрантларга ёрдам кўрсатди. Тожикистон меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазирлигининг Россиядаги ваколатхонаси ходимлари “Жуковский” аэропортида тўпланганларни бир марта бориб кўрди. Улар бошқа у ерда кўриниш беришмади. Ваколатхона ходимлари, асосан, юртдошларининг дафн маросимларини ташкиллаштиришга ёрдам кўрсатишди», дейди Ёров.

Март ойидан бошлаб минглаб тожик мигрантлари аэропортлар ва давлат чегарасидан ўтиш пунктларида йиғилиб қолишди. Тожикистон 25 июндан Россияда тўланиб қолган ўз фуқароларини ватанга босқичма-босқич қайтаришга киришди. Шу мақсадда “Тожик Эйр” ва “Сомон Эйр” авиакомпанияларининг Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Новосибирск ва Екатеринбургдан чартер рейсларини бажариш режалаштирилди. Ватанига қайтиш истагидаги юзлаб кишилар Тожикистоннинг РФдаги элчихонаси қаршисида тўпланиб, авиачипталарнинг қимматлашувига ва чартер рейсларга рўйхатдан ўтишда коррупция ҳолатига қарши норозилик билдирдилар. Тожикистоннинг РФдаги элчиси Имомуддин Сатторининг айтишича, Тожикистоннинг 8 мингдан зиёд фуқароси Россия ҳудудини тарк этиш истагини билдирган ва барча фуқарони олиб чиқиш учун чартер рейслар етарли эмас.

Меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазири Гулру Жабборзоданинг 23 июлдаги Душанбеда ўтказган матбуот анжуманида қайд этишича, жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида COVID-19 пандемиясининг тарқалиши ва давлатлар ўртасидаги чегараларнинг ёпилиши халқаро меҳнат миграцияси жараёнларига салбий таъсир кўрсатди. «Россия Федерацияси меҳнат мигрантларини қабул қилувчи асосий томон сифатида 18 мартдан то шу кунгача хориж фуқароларининг киришини таъқиқлаб қўйди. Олти ой ичида 129 минг 807 нафар республика фуқаролари меҳнат мигранти бўлиш мақсадида хорижга чиқдики, бу ўтган йилги билан солиштирганда 170 минг 477 кишига кам демакдир. Бу вақт оралиғида миграциядан ватанга 90 минг 333 нафар меҳнат мигранти қайтди, бу ўтган йилги кўрсаткичдан 52 фоизга кам», дейди у.

Меҳнат вазирининг қайд этишича, Тожикистоннинг Россиядаги давлат тузилмалари ваколатхоналарининг ходимлари мигрантлар билан доимий алоқада турди, ишонч телефони ишлаб турди, диаспораларга мурожаат қилганларнинг барчасига ёрдам кўрсатилди. «Ваколатхонамиз ходимлари иш берувчиларнинг тожик мигрантларига 7 миллион рублга яқин иш ҳақларини қайтарилишига ҳисса қўшишди», хабар беради Гулру Жабборзода.

Тожикистоннинг 1 миллионга яқин фуқаролари Россияда тирикчилик қилмоқда. Россиядан мигрантларнинг оммавий қайтарилиши мамлакатда ишсизлар сонининг ўсишига олиб келади. Миграция бўйича Халқаро ташкилот маълумотига кўра, коронавирус пандемияси туфайли меҳнат муҳожирларининг 60 фоизга яқини ишидан ва тирикчилигидан маҳрум бўлган. Тожикистон меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазирлигининг хабар қилишича, шериклар билан биргаликда аксилинқироз дастурини тайёрлашган бўлиб, бу ватанга қайтган муҳожирларни касбларга ўқитиш ва иш билан таъминлашни мақсад қилган.

XS
SM
MD
LG