Ссылки доступа

Россиядаги ўзбекистонликларнинг туроператорлар орқали юртига қайтишига рухсат берилди


Республика махсус комиссиясининг 33-сонли қарори билан чет давлатлардаги фуқароларни туроператорлик фирмалари орқали мамлакатга қайтишига рухсат берилган.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматовнинг маҳаллий нашрларга айтишича, ҳозирча фақат Россиядан Ўзбекистонга тижорат рейслари амалга оширила бошлаган.

"Бунинг учун туроператорлик фирмаларига четдаги фуқароларимиздан талаб бўлиши, фирмалар эса рейсларни амалга оширмоқчи эканлиги ҳақида Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва авиация маъмуриятига мурожаат қилиши керак. Чунки Ўзбекистонда уларга навигация ва бошқа турли хизматлар кўрсатилади. Туроператорлик компаниялари йўловчиларни Ўзбекистонга олиб келиш, уларни меҳмонхоналарга жойлаштириш ва бошқа хизматларни ўз зиммасига олади", дея Ашурматовдан иқтибос келтирди ушбу нашр.

Транспорт вазирлиги мулозимига кўра, тижорат рейсларида Тошкентга қайтган йўловчилар аэропортданоқ Миллий гвардия назорати остида меҳмонхонага олиб борилади.

У ерда ИИВ ходимлари назорати остида 14 кунлик карантин муддатини ўтайди. Бу муддатда ССВ ходимлари уларни COVID-19 инфекцияси учун тестдан ўтказади, касалликни юқтирганлар тиббий ёрдам олади.

Транспорт вазирлигининг маълум қилишича, шу пайтгача Россиядан Ўзбекистонга битта шундай тижорат рейси 23 июль куни амалга оширилган. Расмийга кўра, бундай рейслар келгусида Фарғона вилояти ва яна бир бор Тошкентга амалга оширилади.

Туроператор орқали Россиядан юртига қайтишни истаган ўзбекистонликлар туроператорлик фирмаларининг Ўзбекистондаги филиаллари орқали ҳам тўлов қилиши ва рўйхатга ёзилиши мумкинлиги айтилди.

Айни пайтда, дунёнинг бошқа мамлакатларидан қайтишни истаган ўзбекистонликларда ҳам шундай имконият борми-йўқми - бу ҳақда ҳозирча бирор расмий маълумот йўқ.

Шу йилнинг 8 июнида 100 мингга яқин ўзбекистонлик Россиядан ватанига қайтиш истагини билдиргани ҳақида Ташқи ишлар вазири ўринбосари Эркин Ҳамроев маълум қилганди.

Озодлик кузатувига кўра, Россиядан ташқари, Украина, Туркия, Корея ва қатор Европа давлатларидан юртига қайтишни истовчи ўзбекистонликлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG