Ссылки доступа

Турмада ўлган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров Ўзбекистонда дафн этилади


Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров Ўзбекистонда дафн этилади. Бу ҳақда «Бир дуйно – Кыргызстан» ташкилоти раҳбари Толекан Исмаилова хабар қилди.

Унга кўра, марҳумнинг жасадини очиб кўриш натижалари 27 июль куни маълум бўлади, шундан кейин ҳуқуқ ҳимоячисининг рафиқаси Хадича Асқарова марҳум Асқаровнинг истагини ижро этиб, уни Ўзбекистонда дафн этади.

«27 июл куни биз Асқаровнинг жасадини Ўзбекистонга жўнатиш учун элчихонага музокаралар ўтказишга ташриф буюрамиз. У аёлига ўзини ёмон ҳис қилаётганини, агар вафот этса, болаларидан уни Ўзбекистонда дафн этишларини сўраган», - дейди Исмаилова.
Исмаилованинг қўшимча қилишича, ҳуқуқ ҳимоячисининг турмада ўлими муносабати билан ҳукуматни судга бермоқчи, айни пайтда Қирғизистон қамоқхоналарида тегишли айби кўрсатилмаган кўплаб маҳбуслар муддат ўтаётганлигини қайд этди.

25 июл куни 47 сонли даволаш-тузатиш муассасасида бир умрга озодликдан маҳрум этилган 69 ёшли Азимжон Асқаров вафот этди.
Жиноий жазони ижро этиш муассасасининг хабар қилишича, 24 июль куни маҳкум “ўпканинг ўнг томон зотилжами” ташхиси билан келиб тушган. Ўлимнинг якуний сабаби жасад очилиб, тегишли суд-тиббий экспертиза ўтказилганидан кейин маълум бўлади.

Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мира Риттманнинг ҳисоблашича, ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг ўлими учун жавобргарлик Қирғизистон раҳбарияти зиммасида. У бу ҳақда “Озодлик”ка берган интервьюсида айтди.

«Турмадаги Азимжон Асқаровнинг саломатлиги учун ҳокимият масъул эди, шунинг учун унинг ўлими ҳар доим Қирғизистон тарихидаги қора доғ бўлиб қолаверади. Расмийларда Асқаров иши бўйича тўғри қарор қабул қилишга кўп имконият бўлганди. Аммо расмийлар буни исташмади. Маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилотларининг кўп сонли чақириқларига қарамай, Қирғизистон халқаро келишувлар бўйича олган мажбуриятлари, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг тавсияларига қарамай Асқаровни озод қилишмади. Бу Қирғизистон расмийлари учун шармандалик, мамлакатнинг обрў-эътибори учун катта доғ», - деди Риттман.

Азимжон Асқаров Жалолобод вилоятининг Бозор-Қўрғон туманида яшаган ва ҳуқуқ ҳимояси фаолияти билан шуғулланган. 2010 йилнинг июнидаги воқеалардан кейин тартибсизликларни ташкиллаштириш ва милиция ходимини ўлдиришда ҳамиштирокчи гумони билан қўлга олинди. Барча инстанциялардаги судлар қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

2017 йилнинг 24 январида Чуй вилоят суди янгидан очилган ҳолатлар бўйича ишни қайта кўриб чиқишга киришди, аммо барибир аввалги қарорни кучида қолдирди. 2020 йилнинг 13 майида бу қарорни Олий суд ҳам ўз кучида қолдирди.

2016 йилда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Қўмитаси Асқаров иши бўйича ўз хулосасини берди. Унда қайд этилишича, қамоқда қолар экан Азимжон Асқаров қийноқларга учраган, шунингдек, тиббий ёрдам ва тўсиқсиз одил суд ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Шу муносабат билан ҳуқуқ ҳимоячиси шу йилнинг февралида Бишкекнинг туманлараро судига мурожаат қилиб, ҳукумат БМТнинг қўмитаси қарорини бажармаётганликда айблаган эди. ҚР Олий суди 15 июнь куни хабар тарқатиб, Бишкек маъмурий суди ҳуқуқ ҳимоячисининг Қирғизистон ҳукуматига қарши даъвосини кўриб чиқишни тўхтатганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG