Ссылки доступа

Болгарияда намойишчилар ҳукумат истеъфосини талаб қилмоқда


Болгарияда икки ярим ҳафта муқаддам бошлаган аксилҳукумат намойишлари давом этмоқда.

Асосан ёшлардан иборат минглаб норози сўнгги кунларда ҳукумат истеъфосини талаб қилиб Болгария шаҳарлари кўчаларига чиққан.

Бош вазир Бойко Борисов намойишчиларга ён бериб, шу ҳафта иқтисодиёт, молия ва ички ишлар вазирларини алмаштирган. Бу ишни у мазкур уч мулозим тадбиркор ва медиамагнат Делян Пеевский манфаатларига хизмат қилаётганини иддао қилаётган танқидчилар босимини сусайтириш учун амалга оширган. Шунингдек, туризм вазири ҳам ишдан олинган.

Кадрлар алмашиши мухолифатнинг ҳукуматга ишончсизлик билдирилишига эришиш ҳаракатлари муваффақиятсизлик учрагани ортидан содир бўлди. 21 июль куни парламентда ўтказилган овоз беришда депутатларнинг кўпчилиги ҳукуматни дастаклаб чиққан.

25 июль куни бир неча юз намойишчи, кадрлар алмашганига қарамай, Софияда яна ҳукумат истеъфосини талаб қилди. Норозилар “Истеъфо!” ва “Мафия!” деб ҳайқирганлар. Акция иштирокчиларидан айримлари бутун кабинет истеъфога кетишини талаб қилиб, ҳукумат биноси деворларига помидор ва ҳожатхона қоғози ўрамларини отишган.

Бойко Борисов бошчилигидаги ўнг марказчи коалиция Болгарияда сайловлар натижасига кўра 2017 йил бошидан бери ҳукмронлик қилиб келмоқда. Аввалги йилларда ГЕРБ консерватив ва европапараст партияни тамсил этган Борисов иккки марта бош вазир лавозимини эгаллаган.

Намойишчилар бош вазир истеъфоси билан бир қаторда бош прокурор Иван Гешев истеъфосини ҳам талаб қилмоқдалар. Болгария коррупцияга қарши кураш самарадорлиги нуқтаи назаридан Европа Иттифоқидаги энг қолоқ мамлакатлардан бири бўлиб ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG