Ссылки доступа

«Тожик Эйр»: Тожикистоннинг юзлаб фуқаролари ватанга давлат ҳисобидан қайтарилди


Тожикистоннинг юзлаб фуқаролари ватанга давлат ҳисобидан махсус чартер рейслар билан қайтарилди.

Бу ҳақда “Тожик эйр” авиакомпанияси бош директори Дилшод Исматуллозода Душанбеда 27 июлдаги матбуот анжуманида айтди.
Россиядан Тожикистонга авиакомпания лайнерлари билан 245 нафар ватандош келтирилди. «Президент топшириғи билан 25 март куни “Внуково” аэропортида тўпланиб қолган Тожикистоннинг 28 нафар фуқароси, 19 май куни “Сахарово” марказида турган 217 нафар ватандош давлат ҳисобидан чартер рейслар билан ватанга қайтарилди», қайд этади “Тожик эйр” авиакомпанияси раҳбари.

Тожикистон фуқаро авиацияси агентлиги раҳбариятининг хабар қилишича, ватанга қайтган фуқароларнинг барчаси икки ҳафталик мажбурий “коронавирус” карантинидан ўтишди.
Озодлик радиоси томонидан олинган маълумотга кўра, Германияда йиғилиб қолган Тожикистоннинг ўнлаб фуқаролари ҳам уйига давлат ҳисобидан келтирилган.

20 мартдан Тожикистон мамлакатга коронавирус инфекцияси кириб келиши таҳдиди сабабли барча йўналишлар бўйича халқаро авиаалоқани тўхтатди. Мамлакатнинг юзлаб фуқаролари Россия, Туркия, Қозоғистон, Ҳиндистон, Германия ва Дубай аэропортларида қолиб кетди. Май ойидан бошлаб Тожикистон расмийлари ўзга юртларда қолиб кетган ўз фуқароларини босқичма-босқич қайтаришга киришди: Россия, Ҳиндистон, Туркия, БАА ва Германияга чартер рейслар ташкиллаштирилди.

“Тожик Эйр” ва “Сомон Эйр” авиакомпанияларининг Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Новосибирск ва Екатеринбургдан чартер рейслари бажарилди. Ватанига қайтиш истагидаги юзлаб кишилар Тожикистоннинг РФдаги элчихонаси қаршисида тўпланиб, авиачипталарнинг қимматлашувига ва чартер рейсларга рўйхатдан ўтишда коррупция ҳолатига қарши норозилик билдирдилар. Тожикистоннинг РФдаги элчиси Имомуддин Сатторининг айтишича, Тожикистоннинг 8 мингдан зиёд фуқароси Россия ҳудудини тарк этиш истагини билдирган ва барча фуқарони олиб чиқиш учун чартер рейслар етарли эмас.

«Биз фақат рўйхат тузиш билан шуғулланамиз, чипталарни авиакомпаниялар – “Тожик эйр” ва “Сомон эйр”нинг ўзлари сотмоқда», қўшимча қилди Тожикистон элчиси.

Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги фуқаро авиацияси Агентлиги статистикасига кўра, йил бошидан бери «Тожик Эйр» ва «Сомон Эйр» авиакомпаниялари томонидан 178 минг йўловчи ташкилган. 1 июлгача чартер рейслар орқали ватанга 4 минг тожикистонлик қайтарилган.

XS
SM
MD
LG