Ссылки доступа

Нур-Султонда ҳиссадорлар норозилик акциясига чиқишди


27 июл куни Нур-Султонда “Жагалау-3” қурилиши битказилмаган турар жой мажмуасининг қурилишидаги ўнлаб улушли иштирокчилар хонадонларни фойдаланишга топшириш талаби билан норозилик акциясини ўтказди.

Уларга кўра, қурувчи компания ҳали 2010 йилдаёқ мазкур турар жой мажмуаси қурилишини йил давомида якунлаши юзасидан ишонтирган. Йиғилганларнинг айтишича, бугунги кунга келиб уйга газ, сув ўтказилган, аммо электр қуввати ёқилмаган.

— Айримлар ҳисоб-китобнинг атиги 50 фоизини киритган, қолган қисмини калитни олаётган пайтда тўламоқчи, аммо пулни бутунлигича киритганлар ҳам бор. Айримлар мазкур уй қурилиши якунлашини кўрмай ўлиб кетди. Бизнинг ўзимиз ижарада яшаяпмиз. Менинг тўрт нафар фарзандим бор. Баҳорда ҳоким [Нур-Султон Алтай] Кульгинов келди, муаммоимизни ечиб беришни ваъда қилди. Бироқ бугун у келолмади, ўрнига ўз қўл остидагилардан бирини юборди. Улар вазиятга таъсир кўрсатолмайдиганлар. Бугун биз йўлни беркитишга ҳозирлик кўраётгандик, аммо милиционерлар бизни қўйишмади, агар бу ишга қўл урсак, судга тортилишимиз билан таҳдид қилишди, — дейди Озодликка пойтахтлик аёл Акбантик Койшибай қизи.

Норозилик қарнашчилари қўлларига “Мана 10 йилдирки ўз уйимизни кутмоқдамиз” сўзлари битилган плакатларни кўтариб олишганди. Қурилиши якунига етмаган турар жой мажмуасига баннерлар осиб қўйилган: «Ҳокимиятнинг ҳаракатсизлиги одамлар ишончини қўпормоқда», «Ҳокимият, 30-блокни фойдаланишга топширинг. Яшашга жойимиз йўқ!»

Мулк эгаларининг сўзларига кўра, пойтахт марказидаги 12 қаватли бинонинг айрим яшовчилари ўз маблағлари ҳисобига квартира пардозини якунлашга мажбур бўлган. Норозилик намойишига чиққанларнинг айтишича, улар молиявий имконияти йўқлиги туфайли бу ишга қўл уролмайди.

Норози яшовчилар билан учрашган Нур-Султон шаҳри қурилиш бошқармаси вакиллари бу муаммо учун “қурувчи компания масъул эканини” айтиб, куз фаслида “жиҳозлаш масалалари юзасидан кўмак кўрсатиш”га ваъда беришди.

Озодликнинг ASI қурилиш компаниясидан изоҳ олиш уриниши бесамар кетди. Компания раҳбарияти телефон рақамлари жавоб бермади.
Қозоғистон пойтахтида улушли қурилишнинг ўнлаб муаммоли, қурилиши якунланиши 10 йил олдин режалаштирилган объектлари қалашиб ётибди. Қурувчилар турар жойлар мажмуаларини фойдаланишга топшириш билан боғлиқ тўхталишларни одатда молиявий қийинчиликлар ва иқтисодий инқироз билан изоҳлашади.

XS
SM
MD
LG