Ссылки доступа

Тожикистонда “Агроинвестбанк”нинг бир гуруҳ мансабдорларига нисбатан иш қўзғатилди


Тожикистон коррупцияга қарши кураш ва давлат молия назорати Агентлиги “Агроинвестбанк”нинг бир гуруҳ масъул шахсларига нисбатан жиноий иш қўзғатди.

Улар кредит ажратишда амалдаги қонунчиликни бузишда айбланмоқда. Уларнинг номи ошкор этилмаяпти, шунинг учун уларнинг изоҳини олиш имконсиз бўлиб қолмоқда.

Аксилкоррупция агентлиги директори Сулаймон Султонзоданинг 28 июлдаги матбуот анжуманида айтишича, ноқонуний берилган кредитлар ҳажми 391 млн сомоний (39 миллион доллар) ни ташкил этган.

Агентликка кўра, жиноий ишлар шунингдек, мазкур банкдан шундай кредитлар олган айрим компаниялар вакилларига ҳам қарши қўзғатилган. Ушбу иш бўйича айбланаётган кишиларнинг аниқ сони хабар қилинмаяпти. Агентлик кейинроқ батафсил хабар тақдим этишга ваъда берди.

Ўтган йили аксилкоррупция ташкилоти президент администрацияси топшириғига кўра “Агроинвестбанк” фаолиятини текширди ва ўнлаб миллион сомоний миқдорида зарарни аниқлади, “Агроинвестбанк” раиси Муродали Алимардон 2018 йилда сўроққа тутилди.

«Агроинвестбанк» сўнгги беш йилдан бери инқироз ҳолатида бўлиб, омонатчиларга 730 млн сомонийдан кўпроқ “қарздор” бўлиб қолган.

XS
SM
MD
LG