Ссылки доступа

Straus House раҳбари 9 йилга қамалди


 "Straus house" таъсисчиси Иброҳим Исроилов 2019 йил 27 сентябрь куни ҳибсга олинганди.
"Straus house" таъсисчиси Иброҳим Исроилов 2019 йил 27 сентябрь куни ҳибсга олинганди.

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида судланувчилар Straus House МЧЖ муассиси Иброҳим Исроилов, директор А. Махмуталиев, директор ўринбосари Д. Қутпиддинов бош ҳисобчи О.Саидовга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати маълум қилган.

Суд ҳукмига мувофиқ, И. Исроилов Ўзбекистон Жиноят кодексининг бир қанча моддаси билан айбдор деб топилган ва узил-кесил ўташ учун 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

ЖКнинг 4 моддаси бўйича айбдор топилган А. Махмуталиев 7 йилга, Д. Қутпиддинов эса 8 йил 5 ой 26 кун муддатга озодликдан маҳрум этилган, О. Саидовга эса 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Судланувчилар И. Исроилов, А. Махмуталиев, Д. Қутпиддинов ва О. Саидовлардан тегишли тартибда давлат фойдасига 222 миллион 386 минг 43 сўм ундирилиши белгиланган.

Шунингдек, И. Исроиловдан “EZOZ MAX” ва “СFS MAX” МЧЖларнинг фаолияти юзасидан жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ундирилиши қайд этилган.

Жиноят иши юзасидан Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг АТИБ “Ипотека банк” Меҳнат филиали ҳисоб-рақамида сақланаётган ҳамда хатланган Покистон Ислом Республикасининг “Chemikals & Marbels Lahore Pakistan” компаниясига туяқуш жўжаларини сотиб олиш мақсадида шартномага асосан кўчирилган 1 миллиард 854 миллион сўм миқдоридаги пуллар тегишли тартибда етказилган моддий зарарларни қоплашга пропорционал тартибда қаратилиши белгиланган.

И. Исроилов 27 февраль кунги маҳкамада Исроилов журналистларга интервью бериб, тергов жараёнида терговчилар ундан 1 миллион АҚШ доллари талаб қилгани, тазйиқ ўтказганини иддао қилганди.

Тергов гуруҳи бу иддаоларни туҳмат дея атаб, бунинг учун Исроилов қонун олдида жавоб беришини маълум қилишган.

Ўзбекистондаги етакчи интернет нашрларида ўзини “ëш миллиардер” ва “йирик ишбилармон” сифатида тақдим этиб келган Иброҳим Исроилов Жанубий Африкадан туяқуш импорт қилиб, Ўзбекистонда туяқушчиликни ривожлантириш, бу иш билан шуғулланувчиларни бой қилишни ваъда қилган эди.

Туяқуш пулини олдиндан тўлашни талаб қилган “Straus House”га ишониб¸ миллионлаб сўм бериб на туяқуш¸ на пулини ололмаганлар ширкат раҳбарларини жазолаш талаби билан давлат идораларига гуруҳ бўлиб шикоят қилган.

Хусусан¸ ўтган йил 8 октябрида бу ширкат чув туширган 30 га яқин фермер Ўзбекистон президенти Халқ қабулхонаси олдида тўпланиб¸ туяқуш жўжалари учун тўланган миллионлаб сўм пулларини қайтаришда ëрдам сўраган эди.

И. Исроиловга оид бўлган "E'zoz Max" хусусий бандлик агентлиги ҳам, иддаоларга кўра, одамларни БААнинг еттита йирик шаҳрига ойига 5 минг долларлик маошли ишга юбориш ваъдаси билан ҳар биридан 799 минг сўм миқдорида ҳақ олган, аммо ваъда қилинган муддат якунига етганига қарамай, ҳеч кимни ишга юбормаган.​

XS
SM
MD
LG