Ссылки доступа

Тест ўтказадиган ташкилотнинг 48 яшар ходимаси 7 кун иситма ичида ишлади, 3 кун ётиб, вафот этди


 Холисхон Джалолова
Холисхон Джалолова

Яккасарой тумани Санитария эпидемиология осойишталик марказининг (СЭОМ) 48 яшар ходими Холисхон Жалолова иш жараёнида ўткир бронхопневмонияга чалиниб, оламдан ўтди.

48 яшар Жалолова, қизи Мукамбар Умарованинг айтишича, 21 йилдан буён шу соҳада ишлаб келаётган эди.

Аёлнинг иситмаси шу йилнинг 9 июлидан кўтарила бошлаган, коронавирус учун бир марта тест топширган ва унда вирус аниқланмаган.

- Мен онамга айтиб юрган эдим: “Она, уйда қолинг, қон босимингиз баланд”, десам кўнмагандилар: “Халқнинг бошига иш келди, мен ишлашим керак”, дедилар. Июль ойи бошида ишхонада бир кишида коронавирус тасдиқланди. 9 июлдан онамнинг иссиғи чиқа бошлади, 38 ярим даражага чиқди. Ишхонага бориб биздан тест олинглар, десалар, таблеткаларни ичиб туринг, ўтиб кетади, деб олишмаган. Бир марта тест олишганида, коронавирус аниқланмаган, лекин мен бу тест таҳлилининг сифатли ўтказилганига ишонмадим. Чунки, ўзим апрелда коронавирус билан оғридим ва онамдаги симптомлар меники билан айни эди. Шу билан онам 16 июлгача 38 – 39 даражагача иситма билан ишга қатнади. 17 июль куни иситмаси 40 даражага чиқди. Ўша кун шифохонага ётқиздик, - деди Мукамбар.

Унга кўра, онасига шифокорлар “ўткир бронхопневмония” ташхисини қўйган ва COVID-19га тест топширишни тайинлаган.

Мукамбар Умарова, ўшандан кейин онасидан тест учун таҳлил олинмаганини даъво қилди:

- Шанба куни эди. Ишхонасидагилар шанба-якшанба кунлари тест олишни тўхтатиш ҳақида топшириқ бор, деб олмади. Мен Соғлиқни сақлаш вазирлиги, СЭОМни республика идорасини ишонч рақамларини сайтидан топиб, қўнғироқ қилдим. Телефонни ҳеч ким кўтармади. Охири 21 июль куни онам оламдан ўтдилар. Ўша куни ўпкасида яллиғланиш 70 фоизга етиб бўлган экан.

Шу тариқа, 25 яшар Мукамбар Умарова, онам коронавирус учун тест олинадиган ташкилотда ишлаб туриб, вақтида тест қилинмади ва бунинг ортидан аҳволи оғирлашиб, вафот этди, деб даъво қилмоқда.

Айни пайтда, Умарова онасига расман ковид инфекцияси аниқланмагани учун иш вақтида вирус юқтириб олган тиббиёт ходимларига белгиланган имтиёз, рағбатлантириш ва товон пулларини ҳам тўланмагани, онасининг хаслиги боис, бу тўловлар билан қизиқмаганини ҳам айтди.

Марҳума билан бир ташкилотда ишлашини айтган ва исмини очиқламасликни сўраган ҳамкасбининг айтишича, Холисхон Жалолова коронавирус эпидемияси бошланганидан сўнг дезинфекторлик қилган.

Жалолова коронавирус аниқланмаган аҳоли пунктлари – маҳаллалар, хонадонлар ва кўпқаватли уйларини дезинфекция қилган.

Ҳамкасби, Жалолова хаста ҳолида бўлса ҳам, ўз ихтиёри билан ишини давом эттиргани, аммо махсус ҳимоя кийимларисиз ишлаганини айтди.

Бу ходимга кўра, Яккасарой тумани СЭОМнинг ходимлари, коронавирус расман аниқланмаган ҳудудларда ниқоб, қўлқоп ва оқ халатдагина ишлайдилар, уларга махсус ҳимоя кийимлари берилмайди.

Ташкилотнинг эпидемиолог врачи Ирина Сафаровна Жалолова бу ташкилотда ишлаганини тасдиқлади ва унинг коронавирусга чалинган беморлар учун ажратилган шифохонага ётқизилганидан хабари борлигини ҳам айтди. Аммо, бошқа маълумотларни биринчи раҳбардан олишни тавсия қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария эпидемиология осойишталик агентлиги (СЭОА) ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкилотлари ҳозирда коронавирус аломатлари кузатилган кишилардан таҳлил намуналарини олиб, тест ўтказишга масъул ягона ташкилот бўлиб қолмоқда.

Баъзи хусусий клиникалар ҳам коронавирусга тест олиши мумкин, аммо якуний натижани СЭОА тасдиқлаб бериши лозим.

Ўзбекистондаги расмий рақамларга кўра, кунига 350дан – 500 нафаргача одам коронавирусга чалинмоқда ва шу боис, ҳозирга келиб ушбу ташкилот ходимлари куну тун иш режимида ишламоқда.

Айни пайтда Ўзбекистонда Covid-19 бўйича тест натижасини аниқлашга масъул ушбу агентликдаги аҳвол мамлакатдаги вазиятни издан чиқариши мумкинлигидан хавотирлар ҳам мавжуд.

XS
SM
MD
LG