Ссылки доступа

Таниқли хонанда Руслан Шарипов 54 ёшида вафот этди


Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, хонанда ва бастакор Руслан Шарипов 54 ёшида оламдан ўтди.

Бу ҳақда хабар қилган хонанданинг қариндошларига кўра, Руслан Шарипов 28 июль куни соат 17:30да вафот этган:

“Интернетда Русланнинг пандемиядан ўлгани айтиляпти. Лекин бу хабар нотўғри. Руслан инсультдан ўлди”.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги ўзининг Телеграм канали орқали Руслан Шариповнинг оила-аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Руслан Шарипов 1966 йилнинг 10 сентябрида Самарқанд шаҳрида туғилган.

У 90-йилларнинг энг таниқли гуруҳларидан “Болалар”, “Сетора”, “Байт”га асос солган шахс ҳисобланади.

Шунингдек, Руслан Шарипов “Шаҳзод” ва “Ҳўжа” гуруҳларига ҳам бастакорлик қилган.

Руслан Шарипов уч қизнинг отаси эди. Унинг илк рафиқаси, ҳозирда Россия шоу бизнесида танилаётган хонанда Наргиз Зокирова бўлиб, уларнинг бир қизи бор. Руслан Шарипов маҳаллий матбуотга берган интервьюсида катта қизи ҳозирда АҚШда яшаши ҳақида гапирган.

2000 йилда Руслан Шарипов «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист» фахрий унвонини олган.

Кейинчалик у маълум муддат саҳнадан ғойиб бўлди. 2016 йилда ижтимоий тармоқларда Руслан Шариповнинг бечораҳол кўринишдаги суратлари пайдо бўлди. Орадан бироз ўтиб, мухлислари ва дўстлари кўмагида унинг саҳнага қайтгани хабар қилинди.

Руслан Шарипов кейинчалик ўзбек эстрадаси юлдузи ҳисобланган Юлдуз Усмонова билан дуэт ижро қилди.

XS
SM
MD
LG