Ссылки доступа

Тожикистон: электр қувватига лимит қайтмоқда


Тожикистонда тез орада аҳолига электр энергия узатишда чеклов жорий этилади.

Ҳукумат кузги-қишқи даврда электр энергия тақчиллигига йўл қўймаслик мақсадида мазкур сўнгги чорага қўл уришга мажбур, дейилади Вазирлар Маҳкамасининг мамлакат аҳолисига мурожаатида.

Ёзги вақтда электр қуввати узатишга чеклов жорий этилишининг асосий сабабини расмийлар сув камлиги билан изоҳламоқда – расмий маълумотларга кўра, 2019-2020 йилларнинг куз ва қиш фаслида Вахш ва Панж дарёлари ўзани шаклланадиган ҳудудга ўта кам қор тушган, хусусан, ўтган йиллардаги ҳажмнинг 50 фоизини ташкил этган. "Тожикистонда бундай вазият биринчи марта юзага келган", қайд этилади мурожаатда.

Ҳозирги вақтда Нурек сув омборидаги сув ҳажми ўтган йилнинг муқобил даври билан таққослаганда 17 метрга камдир. "Агар бундай вазият давом этса, у ҳолда омбордаги сув заҳиралари камаяди, қишки даврда аҳолини ва миллий иқтисодиёт тармоқларини электр қуввати билан таъминлашда жиддий муаммолар юзага келади", деб ҳисоблайди Тожикистон ҳукумати ва фуқароларни “Барки точик” компанияси бир мақсад билан – Нурек сув омборида сув ғамлаш мақсадида жорий этаётган чекловларни тўғри қабул қилишга чақирди.

Тожикистон ҳукумати фуқароларни, муассасалар, ташкилотлар, компаниялар ва мамлакат корхоналарини электр энергияни тежамкорлик билан сарфлашни таъминлашга чақирди.

Тожикистон расмийлари 2017 йилда кузги-қишқи даврда мамлакат фуқароларига электр қувватини чекланган тартибда узатиш амалиётидан буткул воз кечиши ҳақида эълон қилганди. Олдин Тожикистонда октябрь бошида электр энергиядан аҳолининг фойдаланишига чеклов киритилар эди. Мамлакатнинг барча аҳоли пунктлари, пойтахт ва вилоятлар марказларидан ташқари, кунига 4-5 соатдан электр энергия олишарди, холос. Чекловлар март ёки апрел ойида, Тожикистондаги бош электр қуввати етказиб берувчи - Нурек ГЭСга агрегатларнинг ишлаши учун етарли сув ҳажми келиб туша бошлагандан кейин бекор қилинарди.
Роғун ГЭСнинг биринчи иккита агрегати ишга тушгандан ва Душанбеда иссиқлик электр станцияси фойдаланишга киритилгандан кейин мамлакат фуқаролари “Барки точик” компанияси электр энергиясини узлуксиз узатишни йўлга қўйишига ишонган эдилар. Аммо умидлар ўзини оқламади – мамлакатда ҳамон гоҳида “электр узатиш линиясида таъмирлаш”, гоҳида “сувсизлик туфайли” электр узатишга чекловлар жорий этишмоқда.

Айни пайтда Афғонистон минтақаларини электр қуввати билан таъминлаш билан шуғулланувчи “Брешно” афғон компаниясининг хабар қилишича, Тожикистон электр қуввати экспортини мамлакатга 90 фоизга қисқартирган. Шу бугунгача Тожикистон ҳар куни Афғонистонга 320 МВт энергия экспорт қилган, энди мазкур кўрсаткич 40 МВтгача қисқарди, деб хабар қилади афғон компанияси.

“Барки точик” энергохолдинг компанияси раҳбари Мирзо Исмоилзода журналистларга 27 июлдан тожик электр қувватининг қўшни Афғонистонга экспорти ҳажми қисқарганини тасдиқлади. Сабаби – Вахш дарёсига сув оқимининг камайиши эканини таъкидлар экан, 16 июлдан Ўзбекистонга ҳам электр қуввати экспорти қисқарганини қўшимча қилди.

XS
SM
MD
LG