Ссылки доступа

Одил Каюмов ким? Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси ФХХ дан изоҳ талаб қилмоқда


Тожикистоннинг РФдаги элчихонаси Россия расмийларидан Химкадаги террорчи сифатида ўлдирилган, ёнидан 19 ёшли Тожикистон фуқароси Одил Каюмов номига берилган ҳужжат топилган кишининг ўлими ҳолатини тушунтириб беришни талаб қилди.

27 июл куни Россия махсус хизматлари “Москвадаги одамлар оммавий тўпланадиган жойларнинг бирида” теракт олди олинганини хабар қилишди. ФХХ томонидан тарқатилган ахборотга кўра, Химкадаги ташландиқ гараж ҳудудида “шубҳали номаълум эркак” аниқланган, ташкилотга кўра, қўлга олиш ва текширишга уриниш чоғида у ўт очган.

Воқеа жойида Калашников автомати, унга учта магазин, иккита Ф-1 ва битта РГД гранаталари топилган. Тинтув пайтида улар “йўқ қилинган бандитнинг Суриядаги халқаро террорчи гуруҳлар эмиссарлари билан алоқадор бўлгани ва фуқароларни оммавий отиб ташлашга” тайёргарлик кўрганини исботловчи далилларни топишди", дейилади ФХХ хабарида. Кейинроқ хизматдан хабар беришларича, гумондор террорчи ёнидан 19 ёшли Тожикистон фуқароси Одил Каюмов номига берилган ҳужжатлар топилган.

Тожикистоннинг РФдаги элчихонасидан сешанба куни Озодлик радиоси мухбирига хабар беришларича, улар Россия расмийларидан Тожикистоннинг фуқароси деб кўзда тутилаётган кишининг ўлими юзасидан изоҳ талаб қилишган. Ҳозирча жавоб йўқ.

Москвадаги айрим тожик мигрантларининг айтишича, автосервисда ишлаган Рудакий туманидан бўлган қандайдир Одил Каюмовни таниганлар. «Агар бу йигит ўша биз таниган Одил бўлса, у қўпорувчилик тайёрлаганига ишониш қийин. Аксинча. Одилни биладиган одамларнинг бизни огоҳ этишича, гўёки у ФХХнинг қандайдир тезкор ходими билан ҳамкорлик қилган», дейди тожик муҳожири Абдулхайр Рахимов.

Ҳуқуқ ҳимоячиси ва Марказий Осиё сиёсий муҳожирлар Жамияти президенти Бахром Хамроевнинг ҳисоблашича, “тахминий террорчи”нинг ўлдирилиши ФХХнинг меҳнат муҳожирлари иштирокидаги қўпорувчиликнинг олдини олиш бўйича аввалги махсус операцияларини эсга солади. «Улар аввалги операцияларини нуқтами нуқта такрорлашди, ҳатто мамлакат номини ўзгартиришмади – гўёки ўлдирилган Суриядаги террорчилик гуруҳининг эмиссарлари билан алоқада бўлган», дейди Хамроев.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг сўзларига кўра, 2017 йилдан бошлаб “ислом давлати”нинг эмиссарлари томонидан ёлланган Марказий Осиё фуқаролари Сурияга бормаяпти. «ФХХнинг кўзда тутилган террорчи Химкадаги ташландиқ гараж ҳудудидан чиқиб, бўлғуси теракт жойига шошгани борасидаги баёноти ҳам шубҳа уйғотади. Агар бу версияга ишонилса, ёш киши атрофдагиларда шубҳа уйғотмаслик учун автоматни рюкзакда яшириши керак бўлган. Агар автомат рюкзакда яширилган бўлса, ФХХ тезкор ходимлари гумондорни ўлдирган эмас, қўлга олган бўларди», деб ҳисоблайди Бахром Хамроев. Суҳбатдошимизнинг фикрича, ФХХ “махсус операцияси” – жамоатчилик эътиборини Россияда давом этаётган норозилик акциясидан чалғитиш уринишидир.

XS
SM
MD
LG